Ўзбекистонда 172 минг гектар интенсив боғлар барпо этилади
Ер эгалари белгиланган муддатларда янги боғ ёки токзор барпо этмаса, ер солиғи ва сувдан фойдаланганлик солиғи ставкалари уч бараварга оширилади.
© unsplash.comЎзбекистон президентининг «Саноат усулидаги интенсив мевали боғлар барпо этиш ва эскирган боғларни янгилашни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, 2026–2028 йилларда мамлакат бўйлаб 172 минг гектар саноатлашган боғлар ташкил этиш мақсад қилинган.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 июлдан бошлаб эскирган боғларни яроқсиз деб топиш ҳамда улар ўрнида янги интенсив боғлар барпо этиш ёки ерларни ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказиш бўйича хулоса бериш ваколати Агросаноатни ривожлантириш агентлигига ҳам берилади.
Янги талаблар
Агентлик томонидан берилган хулосадан кейин ер эгалари белгиланган муддатларда янги боғ ёки токзор барпо этиши шарт бўлади. Агар 12 ой давомида янги боғ ташкил этилмаса, мазкур майдон учун ер солиғи ва сувдан фойдаланганлик солиғи ставкалари уч бараварга оширилади.
Шунингдек, 24 ой мобайнида янги боғ ёки токзор барпо этилмаган ҳолларда ушбу ер майдонларида сув олиш тақиқланади. Ҳукумат бу орқали қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланишни таъминлашни кўзламоқда.
Молиявий қўллаб-қувватлаш
Фармон интенсив боғлар яратиш учун қатор молиявий имтиёзларни ҳам назарда тутади. Жумладан, тижорат банклари орқали ҳар гектар учун 120 миллион сўмгача бўлган кредитлар 7 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр билан ва йиллик 14 фоиз ставкада ажратилади.
Халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан очилган кредит линиялари орқали ҳам тадбиркорларга миллий валютада йиллик 14 фоиз ставкада кредитлар берилади. Бундан ташқари, хориждан «in-vitro» усулида етиштирилган сертификатланган мевали кўчатларни импорт қилиш учун ҳар бир кўчатга 5 АҚШ долларигача эквивалент миқдорда, 18 ойгача муддатли имтиёзли кредитлар ажратилади.





