
Ўзбекистонда аёллар асосан неча ёшда турмуш қурмоқда?
2025 йилги маълумотларга кўра, мамлакатда никоҳдан ўтган аёлларнинг ярмидан кўпи 20–30 ёш оралиғида бўлган.

Миллий статистика қўмитасига кўра, 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида Ўзбекистонда жами 177 017 та никоҳ қайд этилган. Ушбу кўрсаткичлар аёлларнинг оила қуриш ёши бўйича барқарор тенденция сақланаётганини кўрсатади.
Қайд этилган никоҳларда аёлларнинг энг катта улуши 20–30 ёш гуруҳига тўғри келган. Мазкур тоифада 94 765 нафар аёл никоҳдан ўтган бўлиб, бу умумий никоҳларнинг 53,5 фоизини ташкил этади. Демак, ҳар икки никоҳдан бири айнан шу ёш оралиғида тузилган.
Шу билан бирга, 20 ёшгача бўлган аёллар улуши ҳам сезиларли даражада юқори. Ушбу гуруҳда 65 078 нафар аёл никоҳ қайд эттирган бўлиб, уларнинг улуши 36,8 фоизни ташкил этган.
Катта ёш гуруҳларида никоҳлар нисбатан кам қайд этилган. Хусусан, 31–40 ёш оралиғида 13 137 нафар аёл никоҳдан ўтган бўлиб, бу 7,4 фоизни ташкил этади. 41 ёш ва ундан юқори аёллар эса 4 037 нафарни ташкил этиб, умумий никоҳларнинг 2,3 фоизига тўғри келган.
Аввалроқ эълон қилинган маълумотлар ҳам ушбу тенденцияни тўлдиради. Хусусан, Ўзбекистонда аёлларнинг она бўлишдаги асосий фаоллиги 25–39 ёш оралиғига тўғри келмоқда. Ушбу ёш тоифасида 385 424 нафар бола туғилган бўлиб, жами туғилишларнинг 58 фоизини ташкил этган.

