
Ўзбекистонда бизнес билан шуғулланиш кўрсаткичи қандай?
2025 йилда солиқ, экспорт ва кредит кўрсаткичларининг ўсиши Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолияти барқарор кенгайиб бораётганини кўрсатди.

2025 йилнинг январ–ноябр ойлари якунида Ўзбекистонда бизнес фаоллиги сезиларли даражада ошди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилига кўра, солиқ тушумлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,7 фоизга ўсиб, иқтисодий фаолликда барқарор ижобий динамика шаклланганини кўрсатди.
Ҳудудлар кесимида энг юқори ўсиш Навоий, Тошкент ва Сирдарё вилоятлари, шунингдек, Тошкент шаҳрида қайд этилди. Ушбу ҳудудларда солиқ тушумлари ўртача 36 фоиз атрофида ўсган бўлиб, бу ишлаб чиқариш, хизматлар ва савдо фаолиятининг кенгайиши билан боғлиқ.
Солиқ турлари бўйича таҳлил шуни кўрсатадики, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тушумлари 20,1 фоизга, мол-мулк солиғи 16,5 фоизга, ер солиғи эса 21,2 фоизга ошган. Бу аҳоли бандлиги ва мулк фаоллигининг ўсиши билан изоҳланади.
Божхона тўловлари ҳам йиллик ҳисобда 20,3 фоизга ўсди. Айниқса, Сирдарё вилоятида ушбу кўрсаткич 63,9 фоизга, Қорақалпоғистон Республикасида эса 39 фоизга етди. Тошкент, Навоий, Жиззах ва Наманган вилоятлари ҳамда пойтахтда божхона тушумлари ўртача 30 фоизга ошган.
Ташқи иқтисодий фаолликда ҳам ижобий тенденция сақланди. Товарлар экспорти 12,4 фоизга ўсиб, энг юқори суръатлар Сурхондарё вилоятида қарийб 70 фоиз, Самарқанд вилоятида эса 32,3 фоиз даражасида қайд этилди. Бу ҳудудларда саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти фаоллашган.
Кредитлаш ҳажмидаги ўсиш бизнес фаоллигининг яна бир муҳим кўрсаткичи бўлди. Ҳисобот даврида тижорат банклари томонидан берилган кредитлар 37,7 фоизга кўпайди. Энг юқори ўсиш Сирдарё вилоятида 78,6 фоиз, Наманган вилоятида 49,8 фоизни ташкил этди. Бухоро ва Навоий вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида ҳам кредитлаш ўсиши 40 фоиздан юқори бўлди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасидаги битимлар ҳажми 21,2 фоизга ошди. Айниқса, Бухоро вилоятида биржа фаоллиги 35,9 фоизга ўсди, Жиззах, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида эса ўртача 33 фоиз атрофида ўсиш қайд этилди.





