Ўзбекистонда болалар банк картаси: қайси банкларда очиш мумкин ва нималарга эътибор бериш керак?
Эрта ёшдан болаларга молиявий кўникмаларни ўргатиш аллақачон замон талабига айланиб улгурган. Бунинг учун болаларга алоҳида банк картаси очиб бериш ва харажатларини назорат қилиб туриш фойдали бўлади.

Замонавий дунёда болаларнинг молиявий кўникмаларини эрта ёшдан шакллантириш муҳим ҳисобланади. Психологларнинг таъкидлашича, 10 ёшга келиб болалар пулнинг қадр-қимматини тўлиқ тушуниб, мустақил ва онгли равишда харидларни амалга оширишга тайёр бўлади.
Бу даврдан бошлаб ота-оналар фарзандларига пулнинг қадрини тушунишга ва уни оқилона бошқаришга ўргатишлари тавсия қилинади.
Vaqt.uz шу сабабли болалар картаси нима экани ҳақида тушунтириб, картани Ўзбекистоннинг қайси банкларидан очиш мумкинлиги ва шартлар тўғрисида маълумот беради.
Болалар банк картаси ўзи нима?
Болалар банк картаси қуйидагича ишлайди: ота-она ўз номи билан махсус банк карта ҳисобини очади. Банк картаси эса фарзандининг исмига расмийлаштирилади ва картага унинг исми ёзилади.
Ушбу банк картаси оддий карта каби ишлайди. У ёрдамида тўловларни амалга ошириш ёки пулларни нақдлаштириш имконияти бўлади.
Болаларга картани қандай очса бўлади?
Ота-оналар Humo, Uzcard, Mastercard ёки VISA болалар банк карталарига буюртма беришлари мумкин. Айрим банклар қўшимча имконият сифатида болалар карталарини махсус дизайн билан таклиф қилмоқда.
Карта очиш жараёни қуйидагича:
Ота-она паспорт ва фарзанднинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси билан банк филиалига боради ва болалар картасига ариза қолдиради. Айрим банкларда картани онлайн расмий веб-сайт орқали ҳам буюртма бериш мумкин.
Картанинг операцияларини амалга оширишга розилик берилади.
Карта тайёр бўлгани ҳақида қўнғироқ ёки SMS-хабар кутилади. Тайёр бўлиш муддати бир неча кунни ташкил қилиши мумкин.
Тайёр бўлгач, карта банкдан олиб кетилади.
Фарзанд учун молиявий режалаштириш ва назорат қилиш мақсадида банкнинг мобил иловаси ўрнатилади.
Болаларнинг харажатларини қандай назорат қилиш мумкин?
Чеклов ўрнатиш
Аввало болага пул бошқаришни тушунтириш керак. Шундан сўнг зарурат бўлса, чеклов ўрнатиш мумкин. Болалар чекловни тўғри тушуниб, уни норма сифатида қабул қилиши муҳим.
Сарфлаш чегарасини тўғри белгилаш лозим. Энг яхши йўл — боладан одатда нималар сотиб олиши ва қанча харажат қилишини сўраш. Яхшиси, бир ҳафталик чеклов қўйиш мақсадга мувофиқ, чунки кунлик сарф-харажатлар турлича бўлиши мумкин.
Харажатлар назорати
Ота ёки онанинг мобил рақамига SMS-хабарнома ўрнатиш орқали боланинг сарф-харажатлари ҳақида маълумот олиш мумкин. Шунингдек, бола интернет орқали онлайн харид қилишга уринишганда, ота-онага тўловни тасдиқлаш учун SMS-хабар келади.
Бундан ташқари, болалар картасига интернет тўловлари бўйича (айниқса хорижий валюта карталари учун) чекловлар ўрнатиш имконияти мавжуд.
Болалар банк карталарининг афзалликлари ва камчиликлари
Асосий афзаллик — хавфсизлик. Дўконга борганда болага асосий маош тушадиган картани бермайсиз. Болалар картаси орқали ота-она хотиржам бўлади, фарзанд эса мустақил равишда харажат қилишни ўрганади.
Камчилиги — йўқотиш хавфи. Болалар катталар каби интизомли эмас, шунинг учун картани йўқотиш ёки шикастлаш эҳтимоли юқори. Қайта буюртма бериш мумкин, аммо бу вақт талаб қилади.
Болага тушунтирилиши керак бўлган хавфсизлик қоидалари
Муҳим қоидалар:
PIN-код ва CVC/CVV кодни ҳеч кимга айтмаслик;
Карта расмини ижтимоий тармоқларга жойламаслик;
Картани ота-онадан бошқа шахсларга бермаслик;
Нотаниш сайтларга карта маълумотларини киритмаслик.
Қайси банкларда карта очиш мумкин?
Ҳозирда «Asia Alliance Bank»да болалар учун 4 хил турдаги карта мавжуд: Humo Junior, Uzcard Junior, Visa Junior ва Mastercard Junior. Банкда барча карталарни очиш бепул.
«Asia Alliance Bank» барча турдаги болалар картасини тақдим этаётгани билан ажралиб туради.
«Garant bank»да 45 000 сўмдан Uzcard ва Humo болалар картасини очиб, 5 йил фойдаланиш мумкин. Болаларга мос индивидуал дизайн ҳам таклиф қилинади.
«MKBank»да Uzcard Kids картасини 25 000 сўмга очиш мумкин. Амал қилиш муддати — 5 йил.
Шунингдек, «Anorbank» ва «Trastbank»да ҳам болалар учун картани бепул очиш имконияти мавжуд.
«Milliy bank», «Kapitalbank» ва «Poytaxtbank» каби бошқа бир нечта банкларда турли шартлар асосида карталар пулли очилади.
Эрта ёшда карта ишлатиш — замон талаби
Ўзбекистонда карталардан фойдаланиш сўнгги йилларда сезиларли даражада ошди. Буни одамлар карталардаги маблағни камроқ нақдлаштираётганидан ҳам кўриш мумкин.
Марказий банк маълумотларига кўра, карталардаги пулларни нақдлаштириш 2023 йилда 24 фоизни ташкил қилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 19 фоизга тушган.
Умумий пул тушумлари таркибида ҳам нақд шаклдаги тушумлар улуши камаймоқда.
Шу сабабли болаларга ҳам эрта ёшдан карта билан муомала қилишни ўргатиш тобора муҳим бўлиб бормоқда.
Мақолани тайёрлашда finlit.uz маълумотларидан фойдаланилди.





