Ўзбекистонда дориларни рецептсиз бериладиган тоифага киритиш тартиби янгиланди
Энди дори воситаларини рецептсиз сотишга рухсат беришда унинг тиббиёт ходими доимий кузатувисиз мустақил ва хавфсиз қўлланиши, нотўғри фойдаланиш, дозани ошириб юбориш, суиистеъмол қилиш ёки қарамликни келтириб чиқариш хавфининг пастлиги ҳисобга олинади.
© Ijtimoiy tarmoqlarЎзбекистонда дори воситаларини рецептсиз бериладиган тоифага киритишда уларнинг шифокор назоратисиз хавфсиз қўллаш имконияти ҳамда нотўғри фойдаланиш хавфи баҳоланади. Бу ҳақда тегишли ҳужжат 2026-йил 12-ноябр куни 3430−2-сон билан Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилди.
Ҳужжатга мувофиқ, дориларни рецептсиз тоифага ўтказишда бир қатор янги мезонлар белгиланди. Хусусан, тиббиёт ходимининг доимий кузатувисиз мустақил ва хавфсиз қўллаш имконияти, дозани ошириб юбориш, суиистеъмол қилиш ёки қарамлик келтириб чиқариш хавфининг пастлиги талаб этилади.
Шу билан бирга, қўллаш йўриқномасидаги маълумотларнинг истеъмолчи учун аниқ, тўлиқ ва тушунарли бўлиши, фармаконазорат натижалари ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эътироф этилган органларнинг ҳужжатлари ҳам ҳисобга олинади.
Аралаш таркибли дорилар ва қайта мурожаат қилиш тартиби
Янги тартибга кўра, икки ёки ундан ортиқ фаол модда бирикмасидан иборат дори воситалари ҳам рецептсиз бериладиган тоифага киритилиши мумкин. Бу жараёнда ҳар бир фаол модданинг терапевтик ҳиссаси, комбинациянинг фойда ва хавф нисбати, клиник асосланганлиги, шунингдек, ўзаро таъсир ва нотўғри қўллаш хавфлари баҳоланади.
Агар дори воситасини рецепт билан бериладиган тоифадан рецептсиз тоифага ўтказиш рад этилса, ариза берувчи маълум ҳолатларда уч йил кутмасдан қайта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунинг учун рад этиш асослари бартараф этилган ёки дори воситасининг хавфсизлиги ва самарадорлигига оид янги маълумотлар тақдим қилинган бўлиши лозим.
Шунингдек, ваколатли орган янги хавфсизлик ва самарадорлик маълумотлари, постмаркетинг назорати натижалари ҳамда қонунчиликдаги ўзгаришларни инобатга олган ҳолда, дори воситасининг тоифасини мустақил равишда қайта кўриб чиқиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Vaqt.uz Ўзбекистонда бепул дори олиш тартиби ва давлат бунга қанча сарфлаётгани ҳақида маълумот берганди.

