Ўзбекистонда дронлардан фойдаланишга рухсат берилади

19.02.2026 | 14:552 daqiqa

2026 йилдан юридик шахслар дронларни импорт қилиш, ишлаб чиқариш ва фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.

Ўзбекистонда дронлардан фойдаланишга рухсат берилади

Ўзбекистонда 2026 йилдан бошлаб корхоналарга дронлардан фойдаланиш, уларни импорт қилиш ва ишлаб чиқаришга расман рухсат берилади. Бу ҳақда 2026 йилги давлат дастурига оид президент фармонида белгиланган. Ҳужжатга кўра, фуқаро авиацияси соҳасида учувчисиз учиш ускуналаридан фойдаланиш тартиби либераллаштирилади.

Фармонга асосан, компанияларга дронлар ва уларнинг эҳтиёт қисмларини республика ҳудудига олиб кириш ҳуқуқи берилади. Шунингдек, мамлакат ичида учувчисиз қурилмаларни ишлаб чиқариш, сотиш ва техник хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. Барча жараёнлар лицензия ва тегишли сертификатлар асосида амалга оширилади.

Ҳаво ҳудудлари турларга бўлинади

Хавфсизликни таъминлаш мақсадида мамлакат ҳаво ҳудуди «яшил», «сариқ» ва «қизил» зоналарга ажратилади. Бу орқали дронлар парвози аниқ тартибга солинади ва эҳтимолий хавфлар камайтирилади.

Парвозларни мониторинг қилиш учун ягона рақамли назорат тизими жорий этилади. Шу билан бирга, соҳада малакали мутахассислар тайёрлаш ва дронларни бошқариш бўйича махсус гувоҳномалар бериш тизими йўлга қўйилади.

Қишлоқ хўжалигида ҳам янги босқич бошланади. 2026 йил март ойидан сув танқислигининг олдини олишга қаратилган янги механизм ишга туширилади. Унда дронлар ва сунъий интеллект технологияларидан кенг фойдаланиш режалаштирилган. Бу агросекторда самарадорликни ошириш ва ресурслардан оқилона фойдаланишга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда суғориладиган ерларда сув исрофини камайтириш ва ҳисоб-китобни аниқлаш учун дронлардан фойдаланишга рухсат берилади.

Teglar

Mavzuga oid

Ўзбекистонда дронлардан фойдаланишга рухсат берилади | Vaqt.uz