Logo

Ўзбекистонда ҳар бир квадрат километрга ўртача нечта киши тўғри келади?

Bugun 12:251 daqiqa

Мамлакатда аҳоли зичлиги бўйича энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида қайд этилди. Пойтахтда ҳар бир квадрат километрга ўртача 7,3 мингдан ортиқ киши тўғри келмоқда.

Ўзбекистонда ҳар бир квадрат километрга ўртача нечта киши тўғри келади? © Ijtimoiy tarmoqlar

Ўзбекистонда 2026 йил 1 апрель ҳолатига ҳар бир квадрат километр майдонга ўртача 85,5 нафар аҳоли тўғри келган. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.

Ҳудудлар кесимида аҳоли энг зич жойлашган ҳудуд Тошкент шаҳри бўлиб, бу ерда ҳар бир квадрат километрга 7 352,4 нафар аҳоли тўғри келади. Бу кўрсаткич республика ўртача даражасидан қарийб 86 баробар юқори ҳисобланади.

Вилоятлар орасида эса Андижон вилояти етакчилик қилмоқда. Ҳудудда аҳоли зичлиги 821,4 кишини ташкил этган. Кейинги ўринларда Фарғона вилояти (627,8 киши) ва Наманган вилояти (430,9 киши) қайд этилган. Ушбу натижалар Фарғона водийси мамлакатнинг энг зич аҳоли жойлашган қисми бўлиб қолаётганини кўрсатади.

Шунингдек, Хоразм вилоятида аҳоли зичлиги 341,2 киши, Самарқанд вилоятида 262,1 киши, Сирдарё вилоятида 222,1 киши ва Тошкент вилоятида 209,6 кишини ташкил этган.

Аҳоли нисбатан сийрак жойлашган ҳудудлар қаторига Қашқадарё вилояти (130,6 киши), Жиззах вилояти (74,3 киши) ва Бухоро вилояти (50,5 киши) кирган.

Энг паст кўрсаткичлар эса катта чўл ва кам аҳоли яшайдиган ҳудудларда қайд этилган. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида ҳар бир квадрат километрга 12,4 киши, Навоий вилоятида эса атиги 10,2 киши тўғри келади.

Аҳоли зичлиги кўрсаткичлари ҳудудларнинг иқтисодий фаоллиги, урбанизация даражаси ва инфратузилмага бўлган талабни баҳолашда муҳим мезонлардан бири ҳисобланади.

Teglar

Mavzuga oid