Ўзбекистонда ижара бозори 12,8 трлн сўмга етди

18.02.2026 | 17:142 daqiqa

2025 йил давомида ижара хизматлари ҳажми 19,1 фоизга ўсган.

Ўзбекистонда ижара бозори 12,8 трлн сўмга етди

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда ижара хизматлари ҳажми 12,8 триллион сўмни ташкил этди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 19,1 фоизга ўсган. Натижада ижара бозори хизматлар соҳасида энг фаол сегментлардан бири сифатида шаклланмоқда.

Ҳудудлар кесимида энг юқори ҳажм Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келган — 4,5 триллион сўм. Бу республика бўйича умумий кўрсаткичнинг салмоқли қисмини ташкил этади ва пойтахтда бизнес фаоллиги ҳамда кўчмас мулк бозори юқори эканини кўрсатади.

Иккинчи ўринда Тошкент вилояти 1,5 триллион сўм билан қайд этилган. Самарқанд вилоятида ижара хизматлари ҳажми 1,4 триллион сўмни ташкил этган. Фарғона вилояти 900,7 миллиард сўм билан кейинги поғонада жойлашган.

Андижон вилоятида ижара хизматлари 761,3 миллиард сўмга, Қашқадарё вилоятида 710,4 миллиард сўмга, Бухоро вилоятида эса 699,7 миллиард сўмга етган. Қорақалпоғистон Республикасида бу кўрсаткич 476,6 миллиард сўмни ташкил этган.

Қолган ҳудудларда ҳажм нисбатан пастроқ. Сурхондарё вилоятида 459,2 миллиард сўм, Наманган вилоятида 442,3 миллиард сўм, Хоразм вилоятида 319,6 миллиард сўм қайд этилган. Жиззах вилоятида 259,8 миллиард сўм, Навоий вилоятида 249,3 миллиард сўм ва Сирдарё вилоятида 196,5 миллиард сўмлик ижара хизматлари кўрсатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026 йил бошида Тошкентда ижара бозори яна қимматлашгани ҳақида хабар берган эдик. Маълумотларга кўра, пойтахтда 1 кв метр учун ўртача ижара нархи 8,8 долларга етган. Бу ўтган йилга нисбатан 9 фоиз юқори.

Teglar

Mavzuga oid