Ўзбекистонда илк пулли йўл қурилиши бошланди

24.02.2026 | 20:551 daqiqa

Лойиҳанинг умумий қиймати 120 миллион доллар этиб белгиланган.

Ўзбекистонда илк пулли йўл қурилиши бошланди

Урганчдан Хивага 35 километрлик пулли йўл қурилиши бошланди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалида хабар берилди.

Унда айтилишича, лойиҳа қиймати 120 млн доллар. Бу Ўзбекистонда амалда биринчи пулли йўл қурилишдир.

Лойиҳа доирасида 17 та кўприк, 8 та йўл ўтказгич, 1 та туннел, 5 та махсус ўтиш жойи барпо этилади.

Қайд этилишича, янги йўл бўйлаб 17 дақиқада етиб бориш имконияти яратилади.

Автомобил йўли тўрт полосадан иборат бўлиб, бошланиш, ўртасида ва охирида терминаллар ва икки сервис пункти қурилиши режалаштирилган.

Ўзбекистонда пулли йўллар тизими қандай шаклланмоқда?

Ўзбекистонда пулли йўллар қуриш ғояси илк бор 2018–2019 йилларда Давлат-хусусий шериклик (ДХШ) тўғрисидаги қонунчилик асосида кун тартибига чиққан эди. Мазкур тизимни жорий этишдан асосий мақсад — давлат бюджетига тушадиган юкламани камайтириш ва йўлларни сақлаш харажатларини бевосита фойдаланувчилар (ҳайдовчилар) ҳисобидан қоплашдир.

2020 йилда Вазирлар Маҳкамасининг пулли йўлларни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги қарори қабул қилинган. Унга кўра, пулли йўл албатта бепул муқобил йўлга эга бўлиши шарт.

Ҳозирда Урганч–Хива йўлидан ташқари, мамлакатда яна иккита стратегик пулли йўл лойиҳаси устида иш бормоқда:

• Тошкент–Самарқанд: Масофани 2 соатгача қисқартириши кутилаётган лойиҳа.

• Тошкент–Андижон: Қамчиқ довони орқали ўтадиган ва водийни пойтахт билан боғлайдиган муқобил йўл.

Teglar

Mavzuga oid