add

Ўзбекистонда кичик литражли автомобиллар учун божлар ошди

06.01.2026 | 13:352 daqiqa

Имтиёзли давр тугаб, 1 январдан мотор ҳажми кичик бўлган янги автомобиллар импортида стандарт божхона ставкалари қўлланила бошланди.

Ўзбекистонда кичик литражли автомобиллар учун божлар ошди

2026 йил 1 январдан Ўзбекистонда двигател ҳажми 1000 ва 1200 см кубгача бўлган кичик литражли автомобиллар импорти учун имтиёзли божхона божлари амал қилишдан тўхтади. 2023 йилда ички бозорда рақобатни кучайтириш ва енгил автомобилларни аҳоли учун ҳамёнбоп қилиш мақсадида жорий этилган имтиёзлар муддати тугади.

2023 йил июл ойида президент қарори билан 2026 йил 1 январга қадар янги енгил автотранспорт воситаларини олиб киришда пасайтирилган ставкалар қўлланилиши белгиланган эди. Унга кўра, ишлаб чиқарилганига бир йилдан ошмаган, двигател ҳажми 1000 см кубдан ошмайдиган автомобиллар учун божхона божи нол ставкада, 1200 см кубгача бўлганлар учун эса 5 фоиз миқдорида ундирилиши назарда тутилган.

Ҳужжатда мазкур чора ички автотранспорт бозорида рақобат муҳитини ривожлантириш ва аҳолини нисбатан арзон автомобиллар билан таъминлашга қаратилгани таъкидланган эди. Ўша пайтда божхона тўловларининг умумий юкламаси сезиларли даражада камайиши қайд этилган. Хусусан, 1000 см кубгача бўлган автомобиллар учун жами тўловлар 39–43 фоиздан 19–23 фоизга, 1000–1200 см куб сегментида эса 44–52 фоиздан 30–36 фоизгача пасайиши ҳисоб-китоб қилинган.

Имтиёзлар амал қилиш муддати тугагач, 2026 йил бошидан стандарт божхона ставкалари қайта жорий этилди. Эндиликда ишлаб чиқарилганига бир йилгача бўлган, двигател ҳажми 1000 см кубгача бўлган янги енгил автомобиллар учун божхона божи божхона қийматининг 15 фоизини ҳамда ҳар бир см куб учун 0,4 АҚШ долларини ташкил этмоқда.

Шунингдек, двигател ҳажми 1200 см кубгача бўлган янги енгил автомобиллар импортида 15 фоизлик божхона божига қўшимча равишда ҳар бир см куб учун 0,6 АҚШ доллари ундирилади.

Teglar

Mavzuga oid