
Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи маълум қилинди
Мамлакатда ўртача иш ҳақи қарийб 20 фоизга ошиб, энг юқори кўрсаткич қайд этилган ҳудудлар ва соҳалар маълум бўлди.

2025 йилда Ўзбекистон Республикасида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 6 млн 376,7 минг сўмни ташкил этди, дея хабар қилди Миллий статистика қўмитаси. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 18,9 фоизга ўсган.
Ҳудудлар кесимида иш ҳақлари
Ҳудудлар орасида энг юқори ўртача ойлик иш ҳақи анъанавий равишда Тошкент шаҳрида қайд этилди. Пойтахтда ушбу кўрсаткич 10 млн 753,8 минг сўмни ташкил этиб, бир йилда 18,3 фоизга ошган. Шу билан бирга, Навоий вилоятида ҳам нисбатан юқори иш ҳақи сақланиб қолиб, 7 млн 871,6 минг сўмга етди.
Энг паст ўртача ойлик иш ҳақи соғлиқни сақлаш ва таълим соҳалари улуши катта бўлган ҳудудларда кузатилди. Хусусан, Қашқадарё вилоятида иш ҳақи 4 млн 476,7 минг сўм, Сурхондарё вилоятида 4 млн 481,8 минг сўмни ташкил этди. Самарқанд, Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳам ўртача иш ҳақи 4,7–4,8 миллион сўм атрофида шаклланган. Шу билан бирга, Наманган вилоятида ўсиш суръати юқори бўлиб, 22,8 фоизга етгани қайд этилди.
Соҳалар бўйича
Иқтисодий фаолият турлари таҳлили иш ҳақидаги энг катта тафовутлар айнан соҳалар кесимида эканини кўрсатди. Энг юқори иш ҳақи банк, суғурта, лизинг ва кредит воситачилиги соҳасида қайд этилди — 17 млн 597,5 минг сўм. Ахборот ва алоқа соҳасида бу кўрсаткич 15 млн 298,1 минг сўмга етди.
Энг тез ўсиш суръати эса санъат, кўнгил очиш ва дам олиш соҳасида кузатилиб, иш ҳақи бир йилда 26,4 фоизга ошиб, 5 млн 448,2 минг сўмни ташкил этди. Таълим соҳасида ҳам сезиларли ўсиш қайд этилди — 20,1 фоиз.
Шунингдек, энг паст иш ҳақи соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида сақланиб қолмоқда — 3 млн 909,3 минг сўм. Яшаш ва овқатланиш хизматлари ҳамда қурилиш соҳаларида ўсиш суръати нисбатан паст бўлиб, 9 фоиз атрофида қайд этилди.





