Logo

Ўзбекистонда қуёш панеллари ўрнатганларга 105,4 млрд сўм субсидия ажратилди

Август ойида субсидия маблағларининг энг катта қисми Бухорога тўғри келди. Аҳоли субсидияни «Soliq» иловаси орқали банк картасига ўтказиб олиши мумкин.

Ўзбекистонда қуёш панеллари ўрнатганларга 105,4 млрд сўм субсидия ажратилди © BMT taraqqiyot dasturi

2026-йилнинг август ойида 61 минг 548 киши «Қуёшли хонадон» дастуридан фойдаланиб, электр тармоқларига ўтказилган қуёш энергияси учун давлат бюджетидан 105,4 млрд сўм субсидия олади.

Субсидиянинг катта қисми Бухоро (18,9 млрд сўм), Хоразм (18,3 млрд сўм) ва Қорақалпоғистонга (12,4 млрд сўм) тўғри келмоқда. Қолган вилоятлар ва Тошкент шаҳрига ўрнатилган қуёш панелларининг умумий қуввати ва уларнинг тармоққа узатган электр энергияси ҳажмига қараб маблағ тақсимланган.

Субсидияни «Soliq» мобил иловасининг «Кешбэк ва имтиёзлар» хизматидаги «Қуёшли хонадон» бўлимидаги «Картага пул ўтказиш» ойнаси орқали банк картасига ўтказиб олиши мумкин.

Дастур аҳоли учун қўшимча даромад манбаи яратиш билан бирга, мамлакатда яшил энергияга ўтиш ва электр тармоқларидаги юкламани камайтиришга қаратилган.

«Қуёшли хонадон» дастури 2023-йил 1-апрелдан хонадонига қуёш панелларини ўрнатган жисмоний шахсларга шу орқали ишлаб чиқарилган ва ягона электр энергетика тизимига узатилган ҳар бир 1 kWh учун 1000 сўмдан субсидия ажратилиши президентининг 2023-йил 16-февралдаги ПҚ-57-сонли қарорида белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Vaqt.uz қуёш панелларини ўрнатиш тартиби ва бунинг афзалликлари ҳақида батафсил йўриқнома тайёрлаганди.

Камрон Ҳасанов

Teglar

Mavzuga oid