Ўзбекистонда ичимликлардаги шакар миқдори ҳақида огоҳлантиришлар қўйилиши мумкин
2027-йил 1-январдан эътиборан мамлакатда ишлаб чиқарилган ва импорт қилинган барча алкоголсиз ичимликлар қадоғида шакар миқдорини кўрсатувчи рангли огоҳлантириш белгиларини жойлаштириш мажбурий этиб белгиланади. Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қарор лойиҳасида халқаро тажрибада синалган «светофор» тизими ҳамда қатъий назорат механизмлари кўзда тутилган.
© Sun'iy intelektЎзбекистонда 2027-йилдан эътиборан барча алкоголсиз ичимликлар қадоғида шакар миқдорини кўрсатувчи мажбурий огоҳлантириш белгиларини жорий этишга тайёргарлик кўрилмоқда. Айни мазмундаги қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ва муҳокамалар 14-октябрга қадар давом этади.
Янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ички бозорда озиқ-овқат хавфсизлигини назоратга олиш, шунингдек, аҳоли, хусусан, ёш авлод ўртасида ортиқча шакар истеъмоли билан боғлиқ оммавий касалликларнинг олдини олишга қаратилган. Кутилаётган янги тартибга кўра, 2027-йилнинг 1-январидан бошлаб мамлакатда ишлаб чиқарилган ва импорт қилинган алкоголсиз ичимликларнинг олд қисмида умумий юзанинг камида 15 фоизини эгалловчи рангли огоҳлантириш ёзувлари туширилиши шарт. Халқаро тажрибада ўзини оқлаган «светофор» механизмига мувофиқ, ҳар 100 миллилитр маҳсулотда:
5–8 грамм шакар бўлса — сариқ фонда «ўртача»;
8–11 грамм бўлса — тўқ сариқ фонда «юқори»;
11 граммдан ошганда эса — қизил фонда саломатликка зарар етказиши мумкинлиги ҳақида қатъий огоҳлантириш жойлаштирилади.
Шунингдек, маҳсулотнинг тўлиқ таркиби, калорияси ва кунлик истеъмол меъёри махсус QR-код орқали тақдим этилиши талаб қилинади. Ислоҳотни тўлақонли ва оғишмай амалга ошириш учун қатъий институционал механизмлар ҳам кўзда тутилган:
2027-йил якунига қадар жараённи мониторинг қилувчи ягона рақамли платформа яратилади;
2027-йил 1-мартга қадар алкоголсиз ичимликларни лаборатория таҳлилидан ўтказиш бўйича ягона методика тасдиқланади.
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси 2027-йил 1-сентябрга қадар мазкур методика асосида аккредитациядан ўтган лабораторияларда шакар миқдорини аниқлаш амалиётини йўлга қўяди. Ҳар чорак якунида таркибида шакар миқдори белгиланган миқдордан ошиб кетган алкоголсиз ичимликлар реестри юритилади ва расмий веб-сайтларда жойлаштириб борилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Солиқ қўмитаси ҳамда манфаатдор идоралар билан ҳамкорликда таркибида шакар миқдори юқори бўлган алкоголсиз ичимликларни мониторинг қилишнинг ягона рақамли платформасини 2027-йил 1-декабрга қадар ишлаб чиқади ва босқичма-босқич ишга туширади. Божхона қўмитаси 2028-йил 1-январга қадар импорт қилинаётган алкоголсиз ичимликлар таркибидаги шакар миқдорини электрон декларациялаш тизимини жорий этади. Таркибида шакар миқдори кўрсатилмаган ҳолда тамғаланган маҳсулотларни Ўзбекистонга киритилмаслигини таъминлайди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 2027-йил 1-январдан бошлаб таълим муассасалари ҳудудида таркибида шакар миқдори кўрсатилмаган ҳолда тамғаланган алкоголсиз ичимликлар савдосининг босқичма-босқич чекланишини таъминлайди.
Шакар миқдори юқори бўлган алкоголсиз ичимликларни белгилаш ва назорат қилиш тизимини такомиллаштиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш президентнинг «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида»ги фармонида белгиланганди.
Маълумот учун, замонавий тиббиёт хулосаларига кўра, суюқ шакарнинг инсон организмига таъсири қаттиқ озиқ-овқатлардагидан кўра анча тажовузкордир. Суюқ ҳолда қабул қилинган шакар мияга тўқлик ҳиссини бермайди ва тўғридан-тўғри жигарга метаболик зарба бериб, тезлик билан ёғга айланади. Бу жараён ҳужайраларнинг инсулинга сезгирлигини йўқотади (инсулинга резистентлик) ва якунда 2-тоифа қандли диабет, семириш ҳамда ёшлар ўртасида юрак-қон томир касалликлари эпидемияси хавфини кескин оширади.
Саноат ичимликлари таркибидаги фруктоза қиёми инсон миясида дофамин ишлаб чиқарилишини рағбатлантириб, психоактив моддаларга хос қарамликни пайдо қилаётган бир шароитда, қадоқдаги очиқ қизил ёзувлар истеъмолчиларнинг импульсив эмас, балки рационал қарор қабул қилишига туртки беради. Шакарли ичимликларнинг хавфини қадоқнинг ўзида визуаллаштириш орқали давлат соғлиқни сақлаш тизими зиммасидаги келгуси молиявий ва ижтимоий юкни сезиларли даражада енгиллаштиришни кўзламоқда.





