Ўзбекистонда солиқ ислоҳотлари давом эттирилиши шарт — Юлий Юсупов
07.07.2025 | 13:003 daqiqa
Юлий Юсупов Ўзбекистонда 2019 йилда бошланган солиқ ислоҳотлари иқтисодиётга катта ижобий таъсир кўрсатганини қайд этди. Лекин у солиқ тизимида ҳал қилиниши лозим бўлган муҳим муаммолар ҳали ҳам мавжудлигини таъкидлади.

Иқтисодчи Юлий Юсупов фикрича, Ўзбекистондаги 2019 йилги солиқ ислоҳотлари орқали иш ҳақи солиқларининг кескин пасайтирилиши, ҚҚС ставкаси 20 фоиздан 12 фоизга туширилиши ва айланма солиқ бекор қилиниши каби чоралар солиқ юкини сезиларли даражада енгиллаштирган.
Шунга қарамай, сўнгги йилларда айрим хизмат соҳаларида солиқ юки ҳали ҳам юқори экани, умумий ва соддалаштирилган режимлар ўртасидаги фарқлар баъзи бизнесларни соя иқтисодига олиб киришига сабаб бўлаётгани аниқланган. Бу, айниқса, ҚҚС қайтарилиши имконсиз бўлган соҳаларда сезилади.
Юлий Юсупов таъкидлашича, кўплаб мамлакатларда ҚҚС учун турли имтиёзли ставкалар жорий этилган ва Ўзбекистон ҳам шу йўналишни қўллаши лозим. У тиббиёт, уй-жой ижараси, озиқ-овқат, дори-дармон, йўловчи транспорти, коммунал хизматлар, туризм, умумий овқатланиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун ҚҚСни 0, 3 ёки 6 фоиз этиб белгиллашни таклиф қилди. Бундай чора рақобатни ошириш ва инфляцияни пасайтиришга хизмат қилиши мумкин.
Шунингдек, Юсупов компаниялар фойдасидан олинадиган солиқ ва дивиденд солиғини тақсимланадиган фойда солиғига алмаштириш ғоясини илгари сурди. Бундай тизим Эстония, Латвия ва Гуржистонда самарали қўлланмоқда. Ушбу ечим корхоналарни реинвестицияга рағбатлантиради ва солиқ маъмурчилигини осонлаштиради.
Иқтисодчига кўра, бу чоралар бизнес учун тенг шароит яратиб, солиқ юкини адолатли тақсимлашга ёрдам беради. ҚҚСнинг дифференциацияланган ставкалари хизматлар соҳасида соя иқтисодига қарши самарали механизм бўлиши мумкин.





