add

Ўзбекистонлик айрим ижтимоий тармоқ фаоллари саҳифалари ўчирилди

31.01.2026 | 17:352 daqiqa

«Instagram»да бир неча ўзбек фаолларининг саҳифалари ўчирилиши сўз эркинлиги, цензура ва платформаларнинг жавобгарлиги ҳақида янги саволларни ўртага чиқарди.

Ўзбекистонлик айрим ижтимоий тармоқ фаоллари саҳифалари ўчирилди

2026 йил январь ойида «Meta Platforms» тасарруфидаги «Instagram» платформасида бир қатор ўзбек фаоллари ва мустақил нашрларнинг аккаунтлари ўчириб юборилди. Улар орасида 100 мингдан ортиқ обуначига эга экоблогер Мўътабар Хушвақтова (Oʻrikguli), шунингдек, фаол аудиторияга эга Hook.Report нашри, унинг бош муҳаррири Жана Моделова, Sarpa Media ва унинг асосчиси Вера Карпова бор.

Ўчириш сабаблари расман изоҳланмаган. Аммо саҳифаларнинг қисқа вақт ичида ва бир вақтнинг ўзида йўқолиши бу қарор техник хато эмас, балки тизимли аралашув бўлиши мумкинлиги ҳақидаги шубҳаларни кучайтирди.

Фаоллар таъкидлашича, аккаунтлар контент қоидаларини очиқ бузгани ҳақида огоҳлантириш ёки апелляция имкониятисиз ўчирилган.

Фаоллар реакцияси

Жана Моделова ўзининг захира аккаунтида саҳифаси ўчирилишига муносабат билдириб, бундай ҳаракатларни конструктив мулоқот ўрнига босим ва оммавий шикоятлар орқали йўқ қилиш уриниши деб баҳолади. Унинг таъкидлашича, муаммоларни ҳал қилиш ўрнига ресурслар аккаунтларни ёпишга сарфланмоқда.

«Hook.Report» асосчиларидан Дарина Солод бу ҳолат нашрнинг Россия пропагандаси ва Украина мавзусидаги охирги материаллари билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини билдирди. «Sarpa Media» эса бу каби ҳодисага 2022 йилда ҳам дуч келганини, бундай оммавий ҳужумлар катта вақт, пул ва техник имкониятларни талаб қилишини қайд этди.

«Nemolchi.uz» жамоаси ҳам эҳтимолий ҳужумлардан ҳимояланиш учун канал профилини вақтинча ёпишга мажбур бўлганини маълум қилди.

Цензурами ёки…

Фaоллар ва нашрлар ушбу ҳолатни сўз эркинлигининг чекланиши, мустақил журналистикага нисбатан цензура ва қўрқитиш сифатида баҳоламоқда. Улар «Meta» ва халқаро ташкилотларни вазиятни Ўзбекистонда давом этаётган инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар контекстида кўриб чиқишга чақирган.

Бу воқеа глобал платформалар маҳаллий контекстда қандай қарор қабул қилиши, оммавий шикоят механизмлари қандай ишлаши ва апелляция жараёнларининг шаффофлиги ҳақидаги саволларни янада долзарб қилди. Агар бундай амалиётлар очиқ изоҳларсиз давом этса, ижтимоий тармоқлар мустақил овозлар учун хавфли майдонга айланиб қолиши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid