
Озодликка чиқариб юборилган Акмал Шукуров яна қамоққа қайтарилди
У 215 минг евролик йирик фирибгарлик ҳамда тунги клублардаги тизимли безорилик ҳаракатлари, жумладан, бир фуқарони аёвсиз дўппослаб, кома ҳолатига туширгани учун айбдор деб топилган. Ушбу оғир жиноятларни содир этгач, воқеа жойидан қочиб яширинган Шукуров кўп ўтмай Қозоғистон ҳудудида қўлга олинган эди.

Тошкент шаҳар суди тафтиш инстанцияси прокуратура протестини қаноатлантириб, аввалроқ озодлиги чекланган судланувчи Акмал Шукуровга нисбатан чиқарилган ажримни ўзгартирди ва уни олти йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида янги қарор қабул қилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов хабар берди.
Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг 2025 йил 24 октябрдаги ҳукмига кўра А. Шукуровга 8 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.
Биринчи инстанция судининг ушбу ҳукми устидан А. Шукуров томонидан апелляция тартибида берилган шикоят Тошкент шаҳар судида кўриб чиқилди.
Мазкур жиноят ишини апелляция инстанциясида кўриб чиқиш жараёнида жабрланувчилар А. Шукуровга нисбатан нисбатан моддий ва маънавий даъволари йўқлигини билдириб, унга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраган.
Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг жорий йилнинг 9 декабрдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг 2025 йил 24 октябрдаги ҳукми ўзгартирилган.
Қайд этилишича, апелляция инстанцияси суди А. Шукуровга нисбатан жазо тайинлашда, унинг жиноятни маст ҳолатда, қасддан ғараз ва паст ниятларда содир этгани жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар деб баҳолаб, айбига қисман иқрорлиги, қилмишидан пушаймонда экани, жабрланувчиларнинг моддий ва маънавий даъвоси йўқлиги, муқаддам судланмагани, жабрланувчилар судланувчига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо сўраганини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топиб, унга нисбатан 4 йил 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлаган. А. Шукуровнинг қамоқда бўлган кунлари тайинланган жазодан чегирилиб, ўташ учун 3 йил 3 ой 11 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилган.
Тошкент шаҳар прокуратураси тафтиш тартибида протест киритиб, унда А. Шукуровга нисбатан апелляция суди томонидан чиқарилган ажримни бекор қилишни сўраган. Шунингдек, протестда А. Шукуровга биринчи инстанция суди жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг ҳукмини ўзгартириб, Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми «а» банди билан тайинланган жазони ўзгартириб, Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми «е» банди ва 277-моддаси (безорилик) 3-қисми «г» банди билан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўзгаришсиз қолдириш сўралган.
Бугун мазкур жиноят иши Тошкент шаҳар судининг 3 нафар судьядан иборат тафтиш ҳайъати томонидан қайта кўриб чиқилиб, прокуратура протести қаноатлантирилган.
Эълон қилинган ажримга кўра биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгартирилган ҳамда апелляция инстанция судининг ажрими бекор қилинган.
А. Шукуровга Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят доирасида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланганлиги сабабли ушбу кодекснинг 57-моддасини қўллаган ҳолда иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Шунингдек, А. Шукуровга Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «е» банди билан тайинланган 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда 277-моддаси 3-қисми «г» банди билан тайинланган 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси аслича қолдирилиши белгиланган.
Шу тариқа, А. Шукуровга тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Унинг қамоқда сақланган кунлари тайинланган жазодан чегирилиб, ўташ учун 5 йил 3 ой 12 кун муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси қолдирилган.
Маълумот учун, Акмал Шукуровнинг жиноий ўтмиши бир неча оғир жиноятларни қамраб олган бўлиб, у 2022 йилда фуқаро И.Ш.нинг ишончига кириб, Германиядан микроавтобуслар етказиб бериш ваъдаси билан 215 минг евро маблағини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган. Шунингдек, у пойтахтдаги кўнгилочар масканларда тизимли равишда безорилик қилиб келган: 2024 йилда «Bootlegger» кафесида танишини дўппослаган бўлса, 2025 йилнинг мартида «The Tower» меҳмонхонаси ёнида аёл кишига тегажоғлик қилиб, уни ҳимоя қилмоқчи бўлган фуқаро Б.нинг юзига кучли зарба берган. Оқибатда жабрланувчи оғир бош мия жароҳати билан сунъий кома ҳолатига тушиб, мураккаб операцияни бошдан кечирган, Шукуров эса воқеа жойидан қочиб, Қозоғистонда қўлга олинган эди.





