Парковкалар учун резидентлик рухсатномаси: янги қоида нимани ўзгартиради?

17.02.2026 | 12:553 daqiqa

Тошкентда пулли парковкалар учун резидентлик рухсатномасини онлайн олиш тартиби жорий этилди. Vaqt.uz ушбу тартиб қандай ишлаши ва у ҳақиқатдан қанчалик зарур эканини ўрганди.

Парковкалар учун резидентлик рухсатномаси: янги қоида нимани ўзгартиради?

1 февралдан эътиборан Тошкент шаҳри аҳолиси пулли йўл бўйи автотураргоҳларидан фойдаланиш учун резидентлик рухсатномасини онлайн тарзда олиш имкониятига эга бўлди. Бу ҳақда Ягона интерактив давлат хизматлари портали маълум қилган эди.

Маълумотга кўра, резидентлик рухсатномаси my.gov.uz портали орқали расмийлаштирилади. Бунинг учун фуқаролар порталдан «Poytaxt Parking» резидентлик рухсатномасини олиш хизматини танлаб, сўралган маълумотларни тўлдирган ҳолда электрон ариза юбориши керак.

Ариза тасдиқланганидан сўнг рухсатнома фаоллаштирилади ва ундан дарҳол фойдаланиш мумкин бўлади. Рухсатнома 1 йил муддатга амал қилади. Бир хонадон манзили бўйича эса кўпи билан 2 та резидентлик рухсатномаси расмийлаштириш мумкин.

Декабр ойида пулли парковкалар учун резидентлик рухсатномаларининг нархи белгиланганди. Унга кўра, кундузи (соат 8:00 дан 20:00 гача) тўхташ жойи учун резидентлик рухсатномаси нархи йилига БҲМнинг 1 баравари (412 минг сўм) ни ташкил этади. Тунги вақтда (20:00 дан 8:00 гача) автотураргоҳ бепул бўлади.

Резидентлик рухсатномаси нима ўзи?

Резидентлик рухсатномаси алоҳида ажратилган махсус жой дегани эмас. Бу — резидентлар учун маълум пулли автотураргоҳлардан имтиёзли шартларда фойдаланиш ҳуқуқини берувчи тартиб. У 25 декабрдаги ҳоким қарори асосида жорий этилган.

Рухсатномани пулли автотураргоҳ жойлари ташкил этилган кўчалар яқинида жойлашган кўп қаватли уйларда яшовчи фуқаролар олиши мумкин. Яъни, айнан шу ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли учун мўлжалланган.

Қандай тартибда олинади?

Снимок экрана 2026-02-17 в 11.33.15

Ариза фақат my.gov.uz  орқали онлайн топширилади. Тизим фуқаронинг доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтган манзили ҳамда унга тегишли автотранспорт воситалари ҳақидаги маълумотларни автоматик тарзда чиқаради.

Шунингдек, тизим мавжуд пулли автотураргоҳ жойларини кўрсатади. Ҳайдовчи қайси ҳудудларда резидент сифатида машинасини қолдириши мумкинлигини олдиндан билиб олади.

Рухсатномани уй мулкдори ёки мазкур манзилда рўйхатдан ўтган ҳар қандай жисмоний шахс расмийлаштириши мумкин. Ариза беришда қайси автомобиль учун рухсатнома олинаётгани кўрсатилади.

Агар аризани уй эгасининг ўзи топширса, у бир иш куни ичида кўриб чиқилади. Агар аризани квартира эгаси бўлмаган, аммо у ерда доимий ёки вақтинча яшаб турган шахс топширса, ариза уй мулкдорининг шахсий кабинетига розилик олиш учун юборилади. Бу ҳолатда кўриб чиқиш муддати 7 иш кунигача чўзилиши мумкин.

«Бу ортиқча бюрократия ва қўшимча маъмуриятчилик»

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг Vaqt.uz га изоҳлашича, резидентлик рухсатномаси жорий этилишини алоҳида техник янгилик сифатида эмас, балки Тошкентдаги пулли парковка тизимининг умумий модели доирасида баҳолайди. Унинг фикрича, масала резидентларга қўшимча имконият яратишда эмас, балки бутун шаҳар кўчаларини ягона оператор бошқараётган тизимнинг ўзида.

«Бу ортиқча бюрократия ва қўшимча маъмуриятчилик. Ўзи Тошкент кўчаларини битта монополист операторга топширишдайоқ йўл қўйилган хатоларни тузатишга бўлган уринишлардан бири. Бутун Тошкент кўчаларини битта операторга берилиши катта хато бўлган, уни тузатмай, кичик хатоларни тузатишга уриниш барибир бефойда», — ​​деб баҳолайди.

Унинг таъкидлашича, резидентлик рухсатномаси — мавжуд монопол модел ичида юзага келган муаммоларни юмшатишга қаратилган маъмурий чора. Яъни, аввал шундай тузилма яратилганки, унда аҳоли учун қўшимча истиснолар ва алоҳида тартиблар киритишга эҳтиёж пайдо бўлган. Иқтисодчи назарича эса, бундай ёндашув тизимнинг асосий муаммосини ҳал қилмайди.

«Идеалда, масалан, иш кунлари кеч соат 8 дан эрталаб 8 гача, дам олиш ва байрам кунлари бепул парковка қоидалари аввал бошданоқ оператор мажбурияти ўлароқ келишиб олиниши тўғри бўларди. Бу нафақат шу кўчаларда яшовчиларга, барча учун», — деб иқтисодчи резидентлар масаласида бошқача модельни таклиф қилади.

Бу фикрдан англашиладики, иқтисодчи резидентларга алоҳида рухсатнома бериш ўрнига, вақт бўйича умумий ва тенг қоидаларни жорий этишни маъқул деб ҳисоблайди. Унингча, агар бундай шартлар оператор билан бошидан келишиб олинганида, қўшимча рухсатномалар, аризалар ва розилик жараёнларига эҳтиёж қолмас эди.

Шу маънода Бакиров резидентлик рухсатномасини муаммонинг ечими эмас, балки мавжуд бошқарув модели оқибати сифатида баҳолайди. Унинг фикрича, тизимни тубдан қайта кўриб чиқмасдан туриб, алоҳида маъмурий механизмлар жорий этиш орқали самарали ва адолатли модельга эришиш қийин.

Teglar

Mavzuga oid