
Пахтачида болалар автобусга миндирилмаган видео ортидан ҳокимлик бепул қатнов жорий этди
Ижтимоий тармоқларда ҳайдовчининг мактабга кетаётган ўқувчилар пул тўламагани учун автобусга чиқарилмаган видеоси тарқалди. Самарқанд ҳокимлиги бунга изоҳ берди.

Ижтимоий тармоқларда катта муҳокамаларга сабаб бўлган воқеа 3 сентябр куни Самарқанд вилояти Пахтачи тумани Фай маҳалласига қарашли Назаробод қишлоғида содир бўлган. «Oqtosh-Shaxzod trans» МЧЖга тегишли автобус ҳайдовчиси йўлкира ҳақини тўламаган ўқувчиларни транспортга миндирмаган. Ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.
Давлат рақами 30 E 881HB бўлган автобус, «Сахоба-Оқтош» йўналишида қатнаган. Шу воқеадан сўнг ҳайдовчи Мусурмон Бобожонов жамиятнинг 4 сентябрдаги буйруғи билан ишдан бўшатилган.
Ҳокимлик маълумотларига кўра, Назаробод қишлоғидан 19 нафар ўқувчи Пахтачи туманидаги 28-мактабга, яна 3 нафар ўқувчи эса 34-мактабга қатнаб ўқийди.
«Пахтачи тумани ҳокимлиги ва«Оқтош-Шахзод транс» МЧЖ ўртасида мактаб ўқувчиларини мактабга ташиш хизматини йўлга қўйиш бўйича шартнома имзоланиб, куннинг иккинчи ярмидан бошлаб ўқувчилар учун бепул автобус ҳаракати йўлга қўйилганлигини маълум қиламиз» — дейилади хабарда.Вилоят ҳокимлиги бундай ҳолатларнинг такрорланмаслиги учун чоралар кўрилаётганини ва муаммони кўтарган ижтимоий тармоқ фаолларига миннатдорлик изҳор этди.





