Пешлавҳалар олинди, лекин реклама жойида: қаловини топган тадбиркорлар

Bugun 17:455 daqiqa

Тошкентда ташқи рекламаларга қарши кучайган рейдлар ортидан пешлавҳаларнинг олиб ташланиши, устига устак, компенсация тўланмагани кескин танқидларга сабаб бўлди. Бироқ айрим тадбиркорлар реклама қилишнинг янгича ва қонуний йўлини топишга улгуришди.

Пешлавҳалар олинди, лекин реклама жойида: қаловини топган тадбиркорлар

Тошкент шаҳрида 2025-йилнинг апрел ойидан ноқонуний ташқи рекламаларга қарши рейдлар бошланди. 2026-йилнинг февралига келиб бу жараён янада авж олди.

Шаҳар маъмурияти савдо объектларининг пешлавҳаларини ҳам ушбу «тозалаш» ишлари рўйхатига киритди. Бироқ, пешлавҳаларнинг ҳеч қандай огоҳлантиришсиз бузиб ташланиши тадбиркорларнинг жиддий эътирозларига ва жамоатчилик фаолларининг кескин танқидига сабаб бўлди.

3

Ҳокимиятнинг позицияси қандай?

Пойтахт ҳокимлиги бу ҳолатни Вазирлар Маҳкамасининг 2023-йил сентябрдаги қарори (10-банди) билан изоҳламоқда. Унга кўра, майдони 1 квадрат метрдан ошадиган пешлавҳалар, ҳатто унда фақатгина компания ёки бренд номи ёзилган бўлса ҳам, реклама ҳисобланади.

«Ёнма-ён жойлашган компаниялар ўзаро рақобатлашиб, пешлавҳаларини қўшнилариникидан каттароқ қилишга интилишади ва оқибатда бу қонунбузилишларга олиб келади», — дея таъкидламоқда маъмурият.

Натижада, пойтахтнинг айрим кўчаларидаги савдо нуқталари ярим йилдан ошиқ вақтдан бери пешлавҳасиз ишлашга мажбур бўлмоқда. Бу эса тадбиркорларнинг даромадига салбий таъсир қилибгина қолмай, керакли манзилни тополмаётган истеъмолчилар учун ҳам қатор ноқулайликлар туғдиряпти.

Эслатиб ўтамиз, VAQT.UZ аввалроқ ушбу масала юзасидан тадбиркорлар ва масъулларга микрофон тутган эди.

Тадбиркорларнинг «креатив» ечими

Ҳар қандай мураккаб вазиятдан чиқиш йўлини топадиган уддабурон тадбиркорлар бу муаммога ҳам ўзига хос ечим топди. Ташқи пешлавҳалардан маҳрум бўлган бизнес эгалари эндиликда қонуний имкониятлардан фойдаланиб, рекламани дўкон ичига кўчиришмоқда.

Аниқроғи, бренд номлари ва рекламалар энди кўчада эмас, балки ойнаванд витриналар ортида — бино ичида жойлаштирилган ҳолда, парда, жалюзи ёки йирик мониторлар орқали намойиш этилмоқда. Бу эса ташқи реклама талабларини четлаб ўтиш имконини бермоқда.

home

Энг муҳими, бино ичида жойлаштирилган бундай реклама учун алоҳида рухсатнома ёки «паспорт» талаб этилмайди. Шунингдек, шаҳар ҳокимлиги хусусий мулк ҳисобланган ички ҳудуддаги конструкцияларни ўзбошимчалик билан бузиш ваколатига эга эмас. Кўринишидан, тадбиркорлар қонун доирасида чекловларни айланиб ўтишнинг «самарали формула»ни топишган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган мазкур видеода тадбиркорлар дўкон ичига ўрнатилган телевизор ва LED экранлар орқали реклама қилишни таклиф қилиб, бу усул орқали қўшимча харажатлардан қочиш мумкинлигини таъкидлашмоқда. Айримлар ҳатто витрина устидаги навесларга бренд номларини жойлаштириш орқали яна бир қўшимча имкониятдан фойдаланаётганини айтишмоқда.

Шу ўринда,
VAQT.UZ шаҳар бўйлаб олиб ташланган ташқи реклама ва ички рекламалар ўрнатилган пешлавҳаларни суратга олди.

113

6

10

Қонунчилик нима дейди?

Амалдаги қонунчилик ҳам бундай ёндашувни чекламайди. «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 32-моддасига кўра, бинолар ичига жойлаштирилган реклама ички реклама ҳисобланади ва унинг ўлчами мулк эгаси томонидан мустақил белгиланади. Бироқ бундай реклама давлат органлари, таълим муассасалари биноларида жойлаштирилиши тақиқланган.

«Биноларнинг ичига жойлаштириладиган реклама ички рекламадир. Ички рекламани жойлаштириш ўлчамлари у жойлаштирилган жойнинг эгаси томонидан белгиланади.

Ички рекламани давлат органларининг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, мактабгача таълим ташкилотларининг, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларининг биноларига жойлаштириш тақиқланади, бундан ижтимоий ахборот ва қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно», – дейилади қонунда.

Шунингдек, солиқ масаласига аниқлик киритиш мақсадида VAQT.UZ Солиқ қўмитаси матбуот котиби Ғанихўжаева Нилуфархондон савол билан мурожаат қилди — агар реклама дўкон ичига жойлаштирилса, у учун алоҳида солиқ тўланадими?

Унинг изоҳига кўра, амалдаги қонунчиликда реклама учун алоҳида, мустақил солиқ тури мавжуд эмас. Яъни тадбиркор реклама жойлаштиргани учун алоҳида солиқ тўламайди. Бироқ бу реклама фаолияти умуман солиққа тортилмайди, дегани эмас. Реклама билан боғлиқ фаолият ҳам тадбиркорликнинг бир қисми сифатида умумий солиқ тизими доирасида ҳисобга олинади.

Хусусан, агар тадбиркорлик субъектининг йиллик даромади 1 миллиард сўмгача бўлса, у ҳолда айланмадан олинадиган солиқ тўланади. Агар даромад ушбу чегарадан ошса, унда қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ва фойда солиғини тўлаш мажбурияти юзага келади. Бундан ташқари, фаолият тури, хизмат кўрсатиш шакли ва солиқ солиш объектига қараб бошқа солиқлар ҳам қўлланилиши мумкин.

Шу жиҳатдан қараганда, реклама дўкон ичига жойлаштирилгани учун солиқдан тўлиқ озод қилинади, деган фикр тўлиқ тўғри эмас. Аслида, бу ерда гап алоҳида реклама солиғи йўқлиги ҳақида бормоқда, холос. Тадбиркор барибир ўз умумий даромади ва фаолиятидан келиб чиқиб солиқ тўлашда давом этади.

Бироқ қонунчиликда айнан ташқи реклама билан боғлиқ алоҳида тўловлар мавжуд. Жумладан, ташқи реклама конструкцияларини ўрнатиш ва улардан фойдаланиш учун махсус йиғим жорий этилган.

2023-йил 1-декабрдан бошлаб Вазирлар Маҳкамасининг 428-сонли қарорига мувофиқ, ташқи реклама конструкциясини ўрнатиш ва унда реклама жойлаштириш ҳуқуқи учун ягона ойлик йиғим амалиётга киритилган. Аммо ички реклама билан боғлиқ бундай талаб ҳақида маълумот йўқ.

Ҳуқуқлар бузилганда туғилган «креативлик»

Пешлавҳалар атрофидаги бу вазият бошқа бир ҳақиқатни юзага чиқарди: маъмурий босим ва асоссиз чекловлар билан тадбиркорларни тўхтатиб бўлмайди. Ўз мулкидан огоҳлантиришсиз ва компенсациясиз маҳрум қилинган тадбиркорлар муқобил йўл топишга мажбур бўлди.

Бу ҳолат шуни кўрсатадики, қонун устуворлиги ва мулк дахлсизлиги таъминланмаган, ҳуқуқлар бузилган жойда доимо чекловларни айланиб ўтишнинг янги, «креатив» йўллари пайдо бўлаверади. Яъни, қонунларнинг бирор жойида тақиқланмаганми, демак — мумкин.

Айтайлик, ушбу суратдаги каби, дўконнинг кўчага қараган ойнаванд тўсиқ ортида манекенлар ва бренд номини чироқлар билан безатиб жойлаштирса унга нима деб эътироз қилиш мумкин?

1

Ташқи пешлавҳаларнинг дўкон ичидаги LED-экранлар ва жалюзиларга айланиши шунчаки технологик ечим эмас — бу ўз мулкига ўзи хўжайин бўлолмаган тадбиркорларнинг мажбурий ҳимоя реакциясидир. Бизнес ҳар доим ўз йўлини топади, аммо энг ёмони, тадбиркорлар энди куч ва ресурсини бизнесни ривожлантиришга эмас, сунъий тўсиқларни айланиб ўтишга сарфламоқда.

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 105

Barchasi

Mavzuga oid