PISA, табақалашаётган мактаблар ва ёдлашга асосланган таълим – мутахассис ва вазирлик баҳси

Bugun 21:505 daqiqa

21-апрел куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги масъуллари иштирокида ОАВ учун матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда Vaqt.uz мухбири хабар берди.

PISA, табақалашаётган мактаблар ва ёдлашга асосланган таълим – мутахассис ва вазирлик баҳси

Тадбир давомида Ўзбекистонда таълим сифати, PISA дастури, унда ўзбекистонлик ўқувчилар иштироки, таълим сифати ва мактаблар ўртасидаги табақаланиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, таълим эксперти Комил Жалилов Ўзбекистонда халқаро тадқиқотлар натижалари ва таълим сиёсати ўртасидаги зиддиятларга эътибор қаратди.

«Биз халқаро тавсияларга тескари ишлаяпмиз»

Комил Жалиловнинг таъкидлашича, Ўзбекистон PISA, TIMSS ва бошқа халқаро тадқиқотларда иштирок этаётган бўлса-да, улардан чиқадиган хулосалар амалда таълим жараёнини яхшилаш учун тўла инобатга олинмаяпти.

Komil Jalilov

«PISA тадқиқотларининг кенг қамровли ҳисоботлари эълон қилинади. Жумладан, 2022-йил бўйича ҳисобот ҳам чиқди ва унда сифатли таълимни таъминлаш учун қатор умумий тавсиялар берилган. Албатта, бу тавсиялар фақат Ўзбекистонга эмас, балки барча мамлакатлар учун умумийдир.

Бироқ кузатишлар шуни кўрсатадики, Ўзбекистон таълим тизими мазкур тавсияларга кўп жиҳатдан зид йўналишда ҳаракат қилмоқда. Масалан, PISA ва OECD экспертлари таълимни ҳаддан ташқари табақалаштирмаслик кераклигини таъкидлайди, чунки бу умумий сифатни оширмайди, аксинча тенгсизликни кучайтиради. Аммо бизда ихтисослашган ва Президент мактаблари сони ортиб, ўқувчилар ўртасида ажратиш кучаймоқда», — деди у.

Жалилов шунингдек, таълим тизимида ҳануз ёдлашга асосланган баҳолаш устунлигини танқид қилди.

«Халқаро тавсияларда ўқитувчиларга кўпроқ автономия бериш зарурлиги айтилган. Амалда эса ўқитувчилар фаолияти тобора марказлаштирилмоқда, уларнинг ҳатто дарс ўтиш услубигача белгиланмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат — баҳолаш тизими. PISA ёдлашга асосланган баҳолашдан воз кечиб, кўникма ва амалий фикрлашни баҳолашни тавсия қилади. Бизда эса аттестациядан тортиб мактабдаги баҳолаш тизимигача асосан ёдлашга таянади», — деди эксперт.

Унинг фикрича, давлат халқаро тадқиқотларга катта маблағ сарфлаётган бўлса, улардан келиб чиқадиган хулосалар амалда қўлланилиши керак.

Вазирлик изоҳи

Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Азизбек Турдиев мутахассис саволларига жавоб берар экан, PISA натижалари бўйича муаммоларни инкор этмади.

Унинг сўзларига кўра, халқаро тадқиқотлар Ўзбекистон таълим тизимидаги асосий камчилик сифатида ёдлашга асосланган ёндашувни кўрсатган.

Azizbek Turdiyev

«PISA натижалари бўйича ҳам вазирликда ишчи гуруҳ тузилган ва ишлар бошланган. Ушбу тадқиқотларда асосий танқид — таълимда ёдлашга урғу берилаётгани. Шуни инобатга олган ҳолда, янги баҳолаш тизими жорий этилди. Унда фақат назарий билим эмас, балки ўқувчининг билимни амалда қўллай олиши ҳам баҳоланмоқда. Хусусан, мактабларда лойиҳа ишлари жорий қилинди. Бу ўзгаришларнинг самараси навбатдаги PISA натижаларида намоён бўлиши кутилмоқда», — деди мулозим.

Шу билан бирга, вазир ўринбосари бу борада ўзгаришлар бошланганини таъкидлади.

«Фақат ёдлаш эмас, билимни амалиётда қўллашга қаратилган лойиҳа ишлари мактабларга жорий қилинди», — деди Турдиев.

Унинг айтишича, бу ўзгаришлар самараси келгусида, жумладан, янги PISA натижаларида кўриниши мумкин.

Мактаблар ўртасидаги табақаланиш

Анжуман давомида мактаблар ўртасидаги табақаланиш масаласи ҳақидаги савол юзасидан ҳам изоҳ берилди.

«Мактабларнинг табақалашуви масаласига келсак, халқаро тажрибада турли ёндашувлар мавжуд. Масалан, Финляндия таълим тизими дунёда етакчи ҳисобланади ва у ерда қишлоқ ва шаҳар мактаблари, чекка ҳудудлар билан марказдаги таълим муассасалари ўртасида деярли тенг шароит яратилган. Шунингдек, у ерда ўқитувчилар учун минимал талаб — камида магистратура даражаси.

Бироқ Ўзбекистон шароити бундан фарқ қилади. Масалан, ҳозирнинг ўзидаёқ тил билиш даражаси бўйича B2 сертификатига эга бўлмаган педагоглар билан шартномани бекор қилиш масаласи кўтарилса, минглаб ўқитувчилар томонидан эътирозлар кузатилиши мумкин. Ҳали магистратура талабини жорий этиш ҳақида гап ҳам бормайапти.

Шунинг учун ҳар бир давлат ўз имкониятлари ва шароитига мос таълим йўлини танлайди. Бошқа давлат моделини тўлиқ ва кўр-кўрона кўчириш мақсадга мувофиқ эмас», — деди Азизбек Турдиев.

Вазирлик мулозимининг қўшимча қилишича, Ўзбекистонда айни вақтда 11 мингга яқин мактаб мавжуд бўлиб, уларни бир хил даражага келтириш вақт ва ресурс талаб қилади.

«Албатта, барча мактабларни юқори даражадаги ихтисослашган таълим муассасалари даражасига олиб чиқиш — асосий мақсадлардан бири. Вазирлик бундан фақат манфаатдор.

Бироқ бу жараён бир кунда амалга ошмайди. Ислоҳотлар босқичма-босқич, мавжуд имкониятлардан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади. Шу боис, бу борада ҳеч қандай хулоса чиқарилмаган, деган кескин фикрни тўғри деб ҳисобламаймиз», — деди у.

PISA натижалари очиқлиги масаласи

Матбуот анжуманида PISA натижалари бўйича ахборотларнинг очиқлиги ҳам муҳокама қилинди. Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази директори Абдували Исмоилов вазирлик томонидан натижалар эълон қилинганини таъкидлади.

Abduvali Ismoilov

«PISA 2022 натижалари эълон қилинмагани ва бу борада матбуот анжумани ўтказилмагани ҳақидаги фикрга қўшилмайман. Чунки PISA 2022 халқаро тадқиқоти натижалари 2023-йил 5-декабрь куни расман эълон қилинган ва айнан шу куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташаббуси билан Тошкент шаҳрида катта матбуот анжумани ташкил этилган. Унда вазир, унинг ўринбосарлари, вазирлик мутахассислари, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этган. Шунингдек, OECD вакили — Андреас Шляйхернинг ўринбосари Туе Халгрин ҳам шахсан қатнашиб, ҳисоботни тақдим этган. Тақдимот давомида икки соатдан ортиқ вақт мобайнида натижалар атрофлича тушунтирилиб, савол-жавоблар ўтказилган», — дея изоҳ берди Исмоилов.

Вазирлик вакили ўз чиқишида миллий ҳисобот масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

«Миллий ҳисоботга келсак, у ҳам тайёрланган. Вазирлик вакиллари OECD билан ҳамкорликда, “Lead Analyst” дастури доирасида ушбу ҳисоботни ишлаб чиққан. Миллий ҳисобот алоҳида мустақил ҳужжат эмас, балки PISA халқаро ҳисоботининг қисқартирилган ва миллий аудитория учун мослаштирилган шаклидир.

Ҳисобот нашр қилинган, аммо ҳозирча очиқ электрон манбаларга жойлаштирилмаган. Бунга сабаб — матн аввал инглиз тилида тайёрланиб, кейин ўзбек тилига таржима қилингани ва таржима сифатини янада такомиллаштириш заруратидир. Шу боис, ҳозирча уни кенг жамоатчиликка эълон қилиш кечиктирилган. Бироқ ҳисобот мавжуд ва тегишли муассасаларда сақланмоқда», — деди Абдували Исмоилов.

Шунингдек, ўқитувчилар малакасини ошириш бўйича янги тизимлар жорий этилаётгани қайд этилди.

Исмоилов шунингдек, PISA натижалари ўқитувчилар салоҳиятини ошириш муҳимлигини ҳам кўрсатгани ва шу асосда тегишли қарор қабул қилиниб, ўқитувчилар малакасини оширишнинг янги тизими жорий этилганини қўшимча қилди. Унинг таъкидлашича, бу ислоҳотларда халқаро тадқиқотлардан келиб чиққан хулосалар инобатга олинган.

Teglar

Ilyos Safarov

Ilyos SafarovMaqolalar soni: 71

Barchasi

Mavzuga oid