Радарлар орқали неча киши жарима балл олгани маълум бўлди
Айрим ҳайдовчилар 22 кунда 10 баллгача жарима тўплаган, 12 баллга етган тақдирда эса ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиш чораси қўлланилади.
© autostrada.uz2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимлари орқали аниқланган қоидабузарликлар учун жарима балларини ҳисоблаш амалиёти жорий этилган.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълумотларига кўра, 22 апрел ҳолатига республика бўйича жами 22 638 нафар ҳайдовчи 5 баллдан жарима тўплаган.
Қоидабузарликлар асосан светофорнинг тақиқловчи сигналига бўйсунмаслик, қарши йўлакда ҳаракатланиш, тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузиш ҳамда тезликни ошириш билан боғлиқ ҳолатлардан иборат.
Жарима баллари тизими
Янги тизим доирасида айрим ҳайдовчилар 22 кун ичида 10 баллгача жарима тўплаган ҳолатлар ҳам қайд этилган. Расмийларга кўра, 12 баллга етган ҳайдовчилар ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиниши мумкин.
«Биласиз, жарима бали олингандан сўнг уни бошқа ҳайдовчига қаратиш, кўчириш ёки бошқа услубларда ўчиришнинг умуман имкони мавжуд эмас. Ягона тартиб ва қоида эса йўл ҳаракат қоидаларига риоя қилишдир», деди Зоир Йўлдошев.
Бу механизм ҳайдовчиларнинг масъулиятини ошириш ва қоидабузарликларни камайтиришга қаратилган.
Жавобгарлик тартиби
Машинасини ишончнома асосида бошқа бировга берганлар диққатига: жарима баллари олмай десангиз, жавобгарлик ўтказилгани ҳақида хабардор қилиш керак бўлади.
Хабардор қилиш хизматидан фойдаланиш учун транспорт эгаси ЯИДХП ёки мобил иловада шахсий кабинет очган ҳолда сўровнома тўлдиради ва унда бошқариш ҳуқуқини бериш муддатини кўрсатиб ўтади.
Бошқариш ҳуқуқини олган шахс сўровномани тасдиқлаш орқали келгусида унга нисбатан жарима солиш тўғрисида қарор расмийлаштирилиб борилишига розилигини электрон рақамли имзо ёки «Mobile-ID» ёхуд «Face-ID» орқали тасдиқлайди
Хабардор қилиш хизмати учун БҲМнинг 10 фоизи миқдорида яъни 41 200 сўм йиғим ундирилади.





