«Покер» машғулотлари: Европа ядро соябонини очмоқда
Франция ва Германия Европанинг ядровий хавфсизлик тизими бўйича амалий қадамларга ўтмоқда. Илк қўшма машғулотлар кузда бошланиши мумкин.

Франция ва Германия Европа хавфсизлиги учун янги ядровий ҳамкорлик механизмини шакллантириш йўлида навбатдаги қадамни ташламоқда.
«Der Spiegel» журнали маълумотларига кўра, икки давлат шу йил кузда ядровий тийиб туриш соҳасидаги илк қўшма машғулотларни ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда.
Нашрнинг ёзишича, Германия канцлери Фридрих Мерцнинг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Гюнтер Зауттер музокараларнинг биринчи босқичини ўтказиш учун Парижга ташриф буюрган.
Унда Франция ва Германиядан ташқари Европа ядровий ҳамкорлиги лойиҳасига қизиқиш билдирган бошқа давлатлар вакиллари ҳам иштирок этган.
Илк машғулотлар
Маълумотларга кўра, Париж ва Берлин эҳтимолий фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўриш мақсадида қўшма ҳарбий машғулотлар ташкил этишни режалаштирмоқда.
Унга мувофиқ, Германия Қуролли кучлари — Бундесвер Франциянинг ядровий машғулотларида иштирок этиш ва мамлакатнинг айрим ядровий объектларига кириш имкониятига эга бўлади.
«Покер» деб номланган дастлабки машғулотларни сентабр ойида ўтказиш режалаштирилмоқда.
Биринчи босқичда Германиянинг кузатувчи сифатидаги роли кўриб чиқилмоқда. Бироқ кейинчалик Бундесвер бевосита ядро қуролига алоқадор бўлмаган, масалан, қирувчи самолётларни кузатиб бориш ёки ҳавода ёнилғи қуйиш каби вазифаларда ёрдам кўрсатиши мумкин.
Макроннинг ташаббуси
Мазкур жараён Франция президенти Эммануэл Макроннинг Европа хавфсизлиги бўйича сўнгги ташаббуслари фонида кечмоқда.
Макрон март ойида Франция ядровий арсеналини кенгайтириш имкониятини кўриб чиқишини ҳамда Европадаги иттифоқчи давлатларда француз ядровий тийиб туриш тизими элементларини жойлаштиришга тайёрлигини билдирган эди.
Унинг маълум қилишича, Европа давлатларидан саккизтаси мазкур ташаббусга қизиқиш билдирган.
Германия канцлери Фридрих Мерц эса Европа ядро соябони АҚШнинг мавжуд ядровий қалқонини алмаштирмаслиги, балки уни тўлдириши кераклигини таъкидлаган.





