Logo

Президент Марказий банк ва давлат банклари раҳбарлари фаолиятига қатъий эътироз билдирилди

Шавкат Мирзиёев банкларнинг маҳаллалардаги ишини кескин танқид қилди. Натижа кўрсатмаган раҳбарлар уч ой ичида лавозимидан озод этилиши мумкин.

Президент Марказий банк ва давлат банклари раҳбарлари фаолиятига қатъий эътироз билдирилди © prezident.uz

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган иқтисодий ўсиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида банк тизими фаолияти қаттиқ танқид қилинди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда Президент Марказий банкнинг ҳудудий раҳбарлари ҳамда давлат банклари филиаллари бошлиқларининг маҳаллалардаги ишидан мутлақо норози эканини билдирди.

Қайд этилишича, 2026-йил вилоят ва туман банклари ҳамда маҳалла уюшмалари учун синов ва амалий аттестация йили бўлади.

Президент топшириғига кўра, кейинги уч ой ичида аниқ натижа кўрсатган раҳбарлар ўз лавозимида қолади, самара бермаганлари эса ишдан озод этилади.

Шунингдек, Бош прокуратура ва Ҳисоб палатасига ҳар бир маҳаллада амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг натижаларини доимий назорат қилиш вазифаси юклатилди.

Бизнесга босим камаяди

Йиғилишда маҳаллаларда озодалик, яшаш маданияти ва ҳовлилар билан ишлаш масалалари ҳам танқидий муҳокама қилинди. Президент ҳовли уйларни ҳам бошқарув компаниялари фаолияти билан қамраб олиш муҳимлигини таъкидлади.

Давлат раҳбари мамлакатда аҳолининг бизнес бошлаши ва экспортга чиқиши учун барча шароитлар яратилаётганини қайд этди. Шу билан бирга, тадбиркорларга нисбатан ортиқча бюрократик тўсиқлар сақланиб қолаётганига эътибор қаратилди.

Маълум қилинишича, ҳозирги кунда 51 та вазирлик ва идора 322 та йўналиш бўйича молиявий жарима қўллаш ваколатига эга. 2024–2026-йилларда ушбу тартибда қарийб 3 триллион сўмлик жарималар қўлланган.

Бюрократия қисқаради

Президент жазо қўллайдиган ташкилотлар раҳбарлари ёндашувини ўзгартириши лозимлигини таъкидлади. Унга кўра, назорат органлари тадбиркорни жазолашдан аввал унга хатони бартараф этиш имкониятини бериш ва тўғри йўл кўрсатишни ўрганиши керак.

Шунингдек, ташқи бозорларда рақобат кучайиб бораётган шароитда экспортчиларнинг харажатларини камайтириш вазифаси қўйилди. Масалан, бир фура гилосни экспорт қилишда божхона йиғими, фумигация, сертификат ва декларант хизмати учун 5 миллион сўмгача қўшимча харажат қилинаётгани айтилди.

Президент барча вазирлар ва тармоқ раҳбарларига бир ҳафта муддатда ўз тизимидаги бюрократия, жарима, тўлов ва йиғимларни кескин қисқартириш ҳамда бизнес муҳитини яхшилаш бўйича таклифларни Президент Администрациясига киритишни топширди.

Teglar

Mavzuga oid