Президент: Қорақалпоғистон иқтисодиёти энг тез ўсаётган ҳудудлардан бири
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Қорақалпоғистон «яшил» энергия ишлаб чиқариш бўйича минтақанинг энг йирик марказларидан бирига айланади.
© Foto: president.uzНукус шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда айтилишича, ўтган йили Қорақалпоғистонга 1 миллиард 700 миллион доллар инвестиция киритилган. Бу 2021 йилдаги кўрсаткичдан 22 карра кўп. Жорий йилнинг биринчи ярмида ҳудуд иқтисодиёти 10,2 фоиз ўсиб, Тошкент шаҳридан кейинги иккинчи ўринни эгаллаган.
Шу билан бирга, ҳудуд учун солиқ ва тариф имтиёзлари жорий қилинган. Фойда, ер ва мол-мулк солиқлари икки карра, саноат учун электр тарифи 15 фоизга пасайтирилган, ижтимоий солиқ эса 1 фоиз этиб белгиланган.
Энергетика
Қайд этилишича, сўнгги йилларда Қорақалпоғистонда 860 мегаваттли янги энергетика қувватлари ишга туширилган. Беруний ва Қораўзакдаги шамол электр станциялари ҳисобига «яшил» энергия улуши 23 фоизга етган.
Электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми тўрт карра ошиб, 5 миллиард 330 миллион киловатт-соатни ташкил этган. Бу ҳудуд аҳолиси ва корхоналарининг йиллик талабидан қарийб уч баробар кўп.
18 сентябр куни 7 миллиард долларлик 47 та янги лойиҳа қурилишига старт берилди. Улар орасида Қўнғиротда қиймати 2,6 миллиард доллар, қуввати 1,5 минг мегаватт бўлган шамол электр станцияси ҳам бор. Лойиҳа доирасида 1,5 минг километр юқори кучланишли тармоқ ва 500 кВ кучланишдаги учта подстанция қурилади.
2030 йилгача бўлган режалар
Белгиланган режага кўра, 2030 йилгача умумий қуввати 3 минг 300 мегаватт бўлган шамол электр станциялари ишга туширилади. «Яшил» энергия улуши 76 фоизга етказилиб, 400 мегаваттли энергия сақлаш қувватлари яратилади.
«Қорақалпоғистон «яшил» энергия ишлаб чиқариш бўйича минтақанинг энг йирик марказларидан бирига айланади», — дейилади хабарда.





