Психологлар муваффақиятли одамларни ажратиб турадиган битта одатни аниқлашди
Forbes журналига кўра, муваффақиятли инсонлар нафақат орзуларини, балки йўқотишдан қўрқиш ҳиссини ҳам онгли равишда бошқаришни ўрганган.

Психологлар фикрича, муваффақиятнинг калити инсон табиатидаги муҳим ҳис — мавжуд нарсани йўқотишдан қўрқиш билан боғлиқ. Бу ҳис инсонни келажак мукофотидан кўра кучлироқ рағбатлантиради.
Forbes нашрининг ёзишича, энг муваффақиятли инсонлар бу механизмдан онгли равишда фойдаланишади. Улар мақсадни фақат фойда нуқтайи назаридан эмас, балки натижага етиша олмасалар нима йўқотишларини ҳам ҳисобга олган ҳолда белгилайди. Шунинг учун психологлар нафақат орзудаги ҳаётни, балки олдин олишни истамайдиган ҳолатларни — ёмон одатлар, салбий муҳит, нохуш сценарийларни ҳам кўз олдига келтиришни тавсия этади. Бу усул ҳиссий аниқлик яратади ва мотивацияни кучайтиради.
Шунингдек, йўқотишдан қўрқиш ҳисси инсонда интизомни сақлашга ёрдам беради, умид ва ишонч эса илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади. Илмий тадқиқотлар кўрсатишича, назорат остидаги енгил стресс ва хавотир диққатни кучайтиради ва инсонни фаол ҳаракатга тайёрлайди.
Муҳим жиҳатлардан бири — шахсиятни мақсад орқали белгилаш. Муваффақиятли одамлар ўз фаолиятини «Мен китоб ёзаман» эмас, «Мен ёзувчиман» деган қараш орқали қабул қилади. Бу эса интизом талаб қиладиган ҳаракатни шахсий табиий эҳтиёжга айлантиради.
Йўқотиш қўрқувини онгли равишда бошқариш, уни умид ва шахсий мақсад билан уйғунлаштириш инсонда кучли ички мотивацияни шакллантиради. Бу эса уни самарали ҳаракат қилишга ва юқори натижаларга эришишга етаклайди.





