
Путин даромад декларацияларини эълон қилишга нуқта қўйди
Россия президенти Владимир Путин ўзини, депутатлар ва мансабдорларни йиллик даромад декларациясини топшириш мажбуриятидан озод қилувчи қонунларни имзолади.

Владимир Путин 28 декабр куни имзоланган қонунларга мувофиқ, 2026 йилдан бошлаб Россияда мансабдор шахслар учун йиллик даромад ва мулк декларациясини топшириш амалиёти бекор қилинади, деб ёзмоқда The Moscow Times. Янги тартибга кўра, декларация фақат давлат хизматига биринчи марта киришда, янги лавозимга тайинланганда, бошқа органга ўтказилганда ёки федерал кадрлар захирасига киритилганда талаб этилади.
Шунингдек, агар амалдор ёки депутат уч йиллик оилавий даромадидан ортиқ қийматдаги битимни амалга оширса, у ҳолда ҳам даромадлар ҳақида ҳисобот тақдим этиши шарт бўлади. Бу қаторига квартира, акциялар ёки криптовалюта хариди киради. Сайловларда иштирок этишни режалаштираётган амалдорлар учун ҳам декларация топшириш талаби сақлаб қолинган.
Қонунлар билан даромад декларацияларини интернетда очиқ эълон қилиш мажбурияти ҳам бутунлай бекор қилинди. Бу талаб 2022 йилда вақтинчалик тўхтатилган эди, аммо ўшанда у Украинадаги уруш даври билан чекланиши айтилган. Энди эса очиқ эълон қилиш механизми қонунчиликдан чиқариб ташланди.
Давлат Думасидаги хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш қўмитаси раҳбари Василий Пискарев йиллик декларация тизимини «архаик» деб атаб, уни бекор қилиш коррупцияга қарши кураш самарадорлигини оширишини таъкидлади. Унинг партиядоши Дмитрий Вяткин эса амалдорларни «жамоатчиликни хурсанд қилиш учун» ҳисобот беришга мажбур қилиш нотўғри эканини айтган.
Энди мансабдорлар молиявий ҳолатини назорат қилиш жамоатчилик учун ёпиқ бўлган «Посейдон» давлат тизими орқали амалга оширилади. Бу тизимга банклар ва давлат органлари томонидан даромадлар, харажатлар ва мулк ҳақида маълумотлар узатилади. Унга фақат Федерал қўриқлаш хизмати ҳамда президент администрацияси кириш ҳуқуқига эга бўлади. Қўшимча равишда, Путинга айрим амалдорларни коррупцияга қарши чекловларсиз тайинлаш имконини берувчи қонун ҳам имзоланди.





