Қамчибек Ташиев 2027-йилги президентлик сайловларида қатнашмаслигини айтди
У сайловларда амалдаги президент Садир Жапаровни тўлиқ қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
© SputnikҚирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раҳбари Қамчибек Ташиев 2027-йилги президентлик сайловларида иштирок этиш ниятида эмаслигини маълум қилди. Унинг баёнотини «Регион» телеканалининг собиқ бош директори Ўткирбек Раҳмонов ўзининг Facebook саҳифасида эълон қилди.
Ташиевнинг сўзларига кўра, сўнгги пайтларда уни бўлажак президентлик кампанияси билан боғлайдиган турли миш-мишлар ва ёлғон маълумотлар тарқалмоқда. Натижада у ўз позициясини омма олдида эълон қилишга қарор қилди.
«Мен 2027-йилги президентлик сайловларида иштирок этмайман. Илгари ҳам буни бир неча бор айтганман. Бугун сўзларимни такрорлайман. Менинг позициям ўзгармади ва ўзгармайди ҳам», — деган у.
Шунингдек, у сайловларда амалдаги президент Садир Жапаровни тўлиқ қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Ташиев шу билан бига, давлатга қилган хизматидан фахрланишини ва мамлакат фаровонлиги учун ишлашда давом этиш ниятида эканини қўшимча қилди.
Хулоса қилиб айтганда, у фуқароларни унинг номидан ёлғон маълумот тарқатаётганларга ишонмасликка чақирди, чунки унинг айтишича, ўша одамларнинг мақсади жамиятда низо қўзғаш ва миллий бирликка путур етказишдир.
«75лар хати»
Жорий йилнинг 9-февраль куни интернетда президент Садир Жапаров ва ўша пайтдаги Жогорку Кенеш спикери Нурланбек Турғунбек ўғли номига мамлакатда муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказиш сўрови битилган жамоавий мурожаат пайдо бўлганди. Хатни 75 нафар турли жамоат ва сиёсат арбоблари имзолаган. Орадан ҳеч қанча ўтмай, 10 февраль куниёқ Қамчибек Ташиев МХДҚ раиси лавозимидан маҳрум бўлди. Жапаров унинг истеъфосини изоҳлар экан, жамиятда тарқоқлик ва бўлинишга йўл қўймаслик мақсадида шундай қарорга келганини айтган эди. Апрель ойида Ташиев ва бир қатор таниқли сиёсатчиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани юзага чиқди.
2-июль куни Бишкекнинг Биринчи май туман суди ана шу шов-шувли жиноят иши бўйича ҳукм чиқарди. Иш фигурантлари орасида собиқ юқори лавозимли амалдорлар ва сиёсатчилар бор эди. Суд муҳокамаси ёпиқ тартибда ўтган бўлса-да, ҳукм оммавий равишда эълон қилинди. Уларнинг бари «ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаш» бўйича айбдор деб топилди ва мол-мулки мусодара қилинган ҳолда тўрт йилга озодликдан маҳрум этилди. Аммо бошқалар қатори Ташиев ҳам мансаб мавқеини суиистеъмол қилмагани айтилиб, оқланди. Тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси уч йил муддатга пробация назоратига алмаштирилди. Агар ушбу уч йил давомида маҳкумлар қонунни ёки пробация шартларини бузса, уларга ҳақиқий қамоқ жазоси хавф солади.
Шу тариқа, улар жазони колонияда ўтамайдиган бўлди. Табиийки Ташиев ишдан рози эмас ва юқори инстанцияга шикоят қилиш истагида. Унинг адвокати Икромиддин Айтқулов ҳукм устидан апелляция шикояти беришини эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, суд қароридан бир кун ўтиб Ташиев футбол ўйинида кўриниш берганди. У Қирғизистон Премер-лигаси доирасидаги «Muras United» ва «Asiagol» ўртасидаги ўйинни кўришга борган.





