Қамчибек Ташиев ўз истеъфоси ҳақида гапирди
У хорижга текширув учун кетгани ва лавозимидан озод этилиши ҳақида олдиндан билмаганини маълум қилди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси собиқ раҳбари Камчибек Ташиев лавозимидан озод этилгани унинг учун кутилмаган қарор бўлганини маълум қилди. Бу ҳақда Ташиевнинг тарафдорлари томонидан ижтимоий тармоқларда эълон қилинган мурожаатда келтирилган, деб хабар бермоқда 24.кг нашри.
Ташиев сўзларига кўра, у аввал ўтказилган жарроҳлик амалиётидан кейин соғлиғини текширтириш мақсадида хорижга чиққан. Унинг таъкидлашича, бу сафар Садир Жапаров рухсати билан амалга оширилган. Шу билан бирга, лавозимидан озод этиш ҳақидаги қарор у учун кутилмаган бўлган.
«Мен давлатимизга, халқимизга ва президентимизга шараф билан хизмат қилдим ва бундан фахрланаман. Менинг ягона афсусланишим шундаки, менга шахсий таркибим билан хайрлашиш имконияти берилмади. Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг ҳар бир ходимига миннатдорчилик билдираман ва уларга муваффақият тилайман!», — дейилади мурожаатда. У Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимларига миннатдорлик билдириб, уларга муваффақият тилаган.
Собиқ амалдор ҳар қандай ҳолатда давлат раҳбари қарорини бажариш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, у фуқароларни қонунларга риоя қилишга, ноқонуний ҳаракатларга йўл қўймасликка чақирди ва мамлакатда тинчлик ҳамда барқарорликни сақлаш муҳимлигини урғулади.
Маълумот учун, бир кун олдин Камчибек Ташиев Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси лавозимларидан озод этилган эди. Садир Жапаров Ташиевнинг лавозимдан озод этилишини:
«Бу қадамнинг асосий мақсади давлат бирлигини мустаҳкамлаш ва жамиятда, шу жумладан давлат органлари ўртасида бўлиши мумкин бўлган бўлинишларни олдини олишдир», – дея тушунтирган.





