Қандай машиналар «антиквар» сифатида рўйхатдан ўтказилади?

14.02.2026 | 15:572 daqiqa

1 февралдан 50 йилдан ошган автомобилларни рўйхатдан ўтказиш ва улардан фойдаланиш тақиқланди, фақат «антиквар» мақомини олган транспорт воситалари бундан мустасно. Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати автомобилни антиквар деб топилиши учун қандай талаблар борлигини тушунтирди.

Қандай машиналар «антиквар» сифатида рўйхатдан ўтказилади?

Ўзбекистонда 2026 йил 1 февралдан ишлаб чиқарилганига 50 йилдан ошган автомобиллардан фойдаланиш ва уларни қайта рўйхатдан ўтказиш тақиқланди. Мазкур чеклов «антиквар» сифатида эътироф этилган автомототранспорт воситаларига татбиқ этилмайди. ЙҲХХ ахборот хизмати раҳбари Зоир Йўлдошев автомобил «антиквар» деб топилиши учун қандай талаблар борлигини тушунтирди.

Маълум қилинишича, ишлаб чиқарилганига 50 йил ва ундан ортиқ бўлган, асл ҳолати ва асосий агрегатлари сақланган машиналар «антиквар» транспорт воситаси сифатида қайта рўйхатдан ўтказилади. Бундай автомобилларга алоҳида серияли давлат рақам белгилари берилади.

Асосий агрегатлар деганда қуйидагилар тушунилади:

— машина ташқи кўриниши, тузилиши ва кузови ўзгармаган бўлиши лозим;

— двигатели ва ёқилғи тури алмашмаган бўлиши шарт;

— двигателдан чиққан кучни ғилдиракларга узатувчи ссепления, баллонлар, тормоз ва руль бошқарув тизимлари, узатмалар

— қутиси, электр жиҳозлари ҳамда салон ўриндиқларининг жойи ва шакли асл ҳолатда бўлиши талаб этилади.

Агар автомобиль ушбу талабларга жавоб бермаса, у «антиквар» деб топилмайди ва давлат рўйхатидан чиқарилади. Бу ҳолатда бундай транспорт воситаларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 2025 йил ҳолатига мамлакатда ишлаб чиқарилганига 50 йилдан ошган 87,6 мингта автомобил рўйхатда туради. Вазирлик бундай транспортлар замонавий хавфсизлик ва экологик стандартларга жавоб бермаслигини, шунингдек, атроф-муҳитга 30 фоизгача кўпроқ зарарли чиқиндилар чиқаришини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 1 февралдан ишлаб чиқарилганига 50 йилдан ортиқ бўлган транспортлардан фойдаланиш тақиқланиши ҳақида хабар берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid