Қатар газ экспортини тўхтатди: Осиё энергетика инқирози ёқасида
Қатар газ ишлаб чиқаришни тўхтатиши оқибатида Осиёда ёқилғи нархи кескин кўтарилиб кетди.
© Foto: reutersЯқин Шарқдаги можаро ортидан Қатар суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқаришни тўхтатди, бу эса Осиё давлатларида энергия бозорини издан чиқарди. Мазкур қарор ортидан 2-март куни Осиё давлатлари биржаларида газ нархи қарийб 40 фоизга кўтарилиб, минтақавий логистика занжири фалаж ҳолатга келди. Бу ҳақда «Reuters» агентлиги хабар берди.
Фавқулодда чоралар
Қатардан экспорт қилинадиган газнинг 80 фоиздан ортиғи Осиё давлатларига йўналтирилгани сабабли, Ҳиндистон, Япония ва Тайван каби мамлакатлар фавқулодда чораларни ишга туширди. Хусусан, Ҳиндистон 3-март кунидан бошлаб саноат корхоналари учун табиий газ истеъмолини лимитлашга (рационлаштиришга) ўтди.
Тайван ҳукумати эса электр энергиясининг 40 фоизи газга боғлиқлиги сабабли, тақчилликни қоплаш учун АҚШдан қўшимча газ харид қилиш чораларини кўрмоқда.
Япония савдо вазири зарурат туғилса, спот бозордан харидлар оширилишини билдирди.
Жанубий Осиёдаги ҳолат
Бангладеш ва Покистонда соҳа расмийлари вазиятни Россиянинг 2022 йилда Украинага босқинидан кейинги ҳолатга қиёсладилар, ўшанда ЛНГ нархлари кескин ошган ва таъминот издан чиққан, бу эса узоқ давом этган электр узилишларига сабаб бўлган эди.
Мутахассислар айтишича, Покистонда қуёш энергияси ишлаб чиқаришнинг сезиларли улуши кундузги электр узилишларининг олдини олади, аммо Бангладеш танқислик хавфига дуч келмоқда ва Ҳиндистондан кўмир ҳамда электр энергияси импортни оширишга мажбур бўлиши мумкин.
Бангладешга қарашли «Петробангла» компаниясининг юқори лавозимли амалдорининг айтишича, узоқ давом этувчи узилиш ёзги энг юқори талаб мавсуми яқинлашаётган бир пайтда электр ишлаб чиқариш ва саноат ҳажмига босим ўтказади.
Бангладешнинг март ойи учун режалаштирилган тўққизта юк кемасидан фақат тўрттаси Ҳормуз бўғозидан ўтишга улгурган, холос.





