
Қайси ҳудудлар уй-жой қурилишида етакчи эканлиги маълум қилинди
Ўзбекистонда 2025 йилда турар-жой қурилиши ҳажми ошиб, 15,9 млн кв.м турар-жойлар фойдаланишга топширилган.

2025 йилда Ўзбекистонда жами 15,9 миллион квадрат метр турар-жой фойдаланишга топширилди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 2,8 фоизга ошган бўлиб, қурилиш соҳасида барқарор ўсиш сақланаётганини кўрсатади.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ҳудудлар кесимида энг юқори натижалар Тошкент вилояти, Хоразм ва Фарғона вилоятларида қайд этилган.
Хусусан, Тошкент вилоятида 1 миллион 997,7 минг квадрат метр турар-жой фойдаланишга топширилиб, мамлакат бўйича энг юқори кўрсаткич қайд этилди. Хоразм вилоятида ушбу кўрсаткич 1 миллион 769,7 минг квадрат метрни, Фарғона вилоятида эса 1 миллион 630,8 минг квадрат метрни ташкил қилди.
Қурилиш ҳажми юқори бўлган бошқа ҳудудлар қаторига Наманган, Бухоро, Сурхондарё ва Андижон вилоятлари киради. Шунингдек, Тошкент шаҳрида 1 миллион квадрат метрдан ортиқ турар-жой фойдаланишга топширилгани қайд этилди.
Шу билан бирга, айрим ҳудудларда уй-жой қурилиши суръатлари нисбатан паст бўлган. Жумладан, Сирдарё вилоятида атиги 136,1 минг квадрат метр турар-жой фойдаланишга топширилган. Самарқанд, Жиззах ва Навоий вилоятларида ҳам кўрсаткичлар республика ўртача даражасидан анча паст қолган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йилда мамлакатда бажарилган қурилиш ишлари ҳажми 14,2 фоизлик ўсишни қайд этганлиги ҳақида хабар берган эдик.


