«Қилич билан ҳимоя қила олмайсиз»: — «Толибон» ўқувчиларни бомба ясашни ўрганишга чақирди
«Толибон» вазири ўқувчиларга дин ҳимояси учун дрон, катта бомба ва самолётлар ясашни ўрганиши кераклигини айтди.

Афғонистонда «Толибон» муваққат ҳукуматининг таълим вазири Ҳабибулла Оға ёшларни замонавий билимларни эгаллашга даъват этди. Унинг сўзларига кўра, дини ва мамлакатини ҳимоя қилиш учун фақат диний фанлар эмас, балки замонавий илмлар ҳам зарур. Бу ҳақда «Tolo News» хабар берди.
Пактия вилоятининг Шавок туманида янгидан қурилган мактаб очилишида вазир таълим ҳақида нутқ сўзлади. У диний фанларни ҳаётнинг асосий мақсади сифатида таъкидлаб, замонавий фанларни сув ва овқат каби ҳаётий эҳтиёжга қиёслади.
«Бугунги даврда сиз ўзингизни Калашников ёки қилич билан ҳимоя қила олмайсиз. Динигизни тўп, дрон, катта бомба ва самолётлар билан ҳимоя қиласиз. Лекин бу бомбалар, самолётлар ва ракеталар қандай қилиб билим ва замонавий таълимсиз яратилади?», - деди Ҳабибулла Оға.
У ёшларни илм олишга чақириб, мамлакат мудофааси учун замонавий қурол яратишда фаол иштирок этишлари зарурлигини таъкидлади. Бироқ вазир сўзларида диний фанларни ҳам тарк этмаслик кераклиги қайд этилди.
«Tolo News» ёзишича, Япониянинг молиявий кўмаги билан Пактия вилоятида 18 та мактаб биноси қурилиб, фойдаланишга топширилган. Расмий маълумотларга кўра, ҳудуддаги мактабларнинг ярмида ўқувчилар очиқ осмон остида таҳсил олишга мажбур.





