Қирғизистон Россия компанияларини энергетика ва саноат лойиҳаларига таклиф қилди

Kecha 18:452 daqiqa

Қирғизистон ҳукумати мамлакатни Евроосиё бозори учун қўшма ишлаб чиқариш қувватлари яратиладиган майдон сифатида кўраётганини ва Россия компанияларининг маҳаллийлаштиришга қизиқиши ортиб бораётганини маълум қилди.

Қирғизистон Россия компанияларини энергетика ва саноат лойиҳаларига таклиф қилди © Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати

Қирғизистон ўз ҳудудида кичик ва ўрта қувватли электр станцияларини қуриш учун Россия инвестицияларини жалб қилишдан манфаатдор. Бу ҳақда Қирғизситон Вазирлар Маҳкамаси раисининг биринчи ўринбосари Дониёр Амангелдиев Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми 2026 доирасида ўтказилган «Россия – Қирғизистон» сессиясида маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, Қирғизистон Қамбарота ГЭС-1 қурилиши лойиҳасини изчил илгари сурмоқда. Дониёр Амангелдиевнинг сўзларига кўра, бугунги кунда дунёда арзон ва экологик тоза энергия манбаларига қизиқиш ортиб бормоқда.

«Бундай шароитда гидроэнергетика мамлакатимизнинг асосий рақобат устунликларидан бирига айланмоқда. Биз минтақавий аҳамиятга эга энг йирик энергетика лойиҳаси бўлган Қамбарота ГЭС-1 қурилишини босқичма-босқич илгари суряпмиз. Шу билан бирга, кичик ва ўрта электр станциялари ҳамда қайта тикланувчи энергия объектларини қуриш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Биз Россия компанияларини ушбу лойиҳаларда ҳам инвестор, ҳам технологик ҳамкор сифатида иштирок этишга жалб қилишдан манфаатдормиз», – деди у.
 
Қирғизистон энди фақат сотув бозори сифатида қаралмаяпти – Амангелдиев

Бош вазир биринчи ўринбосарининг айтишича, Қирғизистон энди фақат маҳсулот сотиш бозори сифатида эмас, балки бутун Евроосиё бозори учун қўшма ишлаб чиқариш қувватлари яратиладиган майдон сифатида қаралмоқда. Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Россия компанияларининг ишлаб чиқаришни Қирғизистонда маҳаллийлаштиришга бўлган қизиқиши барқарор равишда ортиб бормоқда. Бу машинасозлик, қурилиш индустрияси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, енгил саноат ва бошқа соҳаларни қамраб олмоқда.

Расмийнинг таъкидлашича, инвесторлар учун бир қатор муҳим омиллар мавжуд. Улар қаторига Евроосиё иқтисодий иттифоқининг ягона бозорига чиқиш имконияти, қулай солиқ режими, рақобатбардош ишлаб чиқариш харажатлари ҳамда лойиҳаларни тезкор йўлга қўйиш имконияти киради.

Дониёр Амангелдиев Қирғизистон ва Россия стратегик шерик ва иттифоқчи давлатлар эканини таъкидлаб, бу муносабатлар нафақат умумий тарихга, балки мустаҳкам иқтисодий асосга ҳам таянишини қайд этди.

«Россия Қирғизистоннинг энг йирик ҳамкорлари ва инвесторларидан бири бўлиб қолмоқда. Муҳими, ҳамкорлигимиз сифат жиҳатидан янги босқичга чиқмоқда. Илгари ўзаро муносабатларнинг асосини савдо ташкил этган бўлса, бугун биз тобора кўпроқ қўшма ишлаб чиқаришлар, саноат кооперацияси, корхоналарни маҳаллийлаштириш ва йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳақида гапирмоқдамиз», – деди у.

Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми

Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми 2026 3-6 июн кунлари бўлиб ўтмоқда. Форумнинг жорий йилги мавзуси – «Прагматик мулоқот – барқарор келажак сари йўл». Тадбир дастури жаҳон иқтисодиёти трансформацияси шароитида глобал ривожланишнинг янги моделини шакллантириш масалаларига бағишланган.

Teglar

Mavzuga oid