«Қизилқум» футбол клубининг U-19 жамоаси бош мураббийи пора билан қўлга тушди
У 18 ёшли ўсмирни асосий таркибга қабул этиш эвазига 20 млн сўм талаб қилган.
Навоий шаҳрида фаолият юритувчи «Қизилқум» профессионал футбол клубининг U-19 жамоаси бош мураббийи ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, пора олаётган қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси хабар берди.

Қайд этилишича, у алдов йўли билан Нурота туманида яшовчи 2008 йилда туғилган ўсмирнинг ишончига кириб, уни жамоанинг асосий таркибига ўйинчи сифатида қабул қилиш эвазига 20 миллион сўм талаб қилган.
У сўралган пул маблағини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда бош мураббийга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) учинчи қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





