
Қўшилган қиймати юқори маҳсулотлар учун солиқ имтиёзлари берилади
Юридик шахсларнинг ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари томонидан чиқарилган облигациялардан олинадиган даромадлар 2030 йил 1 январга қадар фойда солиғидан озод этилди.

25 декабр куни қабул қилинган ЎРҚ–1104-сонли қонун билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Ҳужжат қўшилган қиймати юқори бўлган товарларни ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, тадбиркорлик фаолияти учун шароитларни яхшилаш ва айрим тармоқларда солиқ юкини камайтиришга қаратилган.
Қонунга кўра, жисмоний шахс бўлган тадбиркорлик субъектининг фаолияти унинг шахсий қарори, суд қарори ёки рўйхатдан ўтказувчи орган қарори асосида тугатилиши мумкинлиги аниқ белгилаб қўйилди. Бу норма тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиш жараёнидаги ҳуқуқий ноаниқликларни бартараф этишга хизмат қилади.
Шунингдек, солиқ имтиёзларидан фойдаланилгандан сўнг жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ суммасини камайтирадиган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботлари фақат солиқ органлари томонидан асослилиги ўрганиб чиқилгандан кейин қабул қилиниши белгилаб қўйилди. Бу тартиб солиқ маъмуриятчилигини кучайтиришга қаратилган.
2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар тикув-трикотаж, пойабзал ҳамда чарм-атторлик саноатида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари учун алоҳида солиқ ставкалари жорий этилди. Ушбу даврда улар фойда солиғини 2 фоиз, ижтимоий солиқни эса 1 фоиз ставкада тўлайди.
Молия бозорида ҳам имтиёзлар кенгайтирилди. Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентлари бўлган юридик шахсларнинг ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари ҳамда улар қошидаги махсус ваколатли ташкилотлар томонидан чиқарилган облигациялардан олинадиган даромадлар 2030 йил 1 январга қадар фойда солиғидан озод этилди.
Бундан ташқари, креатив парк резидентлари учун 2025 йил 1 майдан 2031 йил 1 январга қадар солиқ имтиёзлари амал қилади. Улар ходимларининг иш ҳақи бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқни белгиланган ставкаларга нисбатан 50 фоиз камайтирилган миқдорда тўлайди. Шу билан бирга, даромад ҳажмидан қатъи назар, айланмадан олинадиган солиқ тўловчилари ҳисобланади.





