Logo

Қўй гўшти 127 фоизга ошган: Ўзбекистон гўштни қимматроқ импорт қилмоқда

Bugun 18:352 daqiqa

2026-йилнинг биринчи ярмида 481,7 млн долларлик гўшт импорт қилди. Импорт ҳажми ошгани билан бирга нархлар ҳам кескин қимматлади.

Қўй гўшти 127 фоизга ошган: Ўзбекистон гўштни қимматроқ импорт қилмоқда

Ўзбекистон 2026-йилнинг биринчи ярмида 481,7 млн долларлик гўшт маҳсулотлари импортини амалга оширди. Бу ҳақда Vaqt.uz'га Божхона қўмитаси ҳисоботидан маълум бўлди.

Импорт қиймати 2025-йилнинг мос даврига нисбатан 47 фоизга кўпайган. Бунда хориждан олиб келинган гўшт маҳсулотларининг миқдори 19,7 фоизга кўпайиб, 146,9 минг тоннага етди.

Энг кўп импорт қилинган гўшт маҳсулотлари орасида мол гўшти етакчи бўлиб турибди — 72 минг тонна. Кейинги ўринда 34,8 минг тонна билан товуқ гўшти бормоқда.

1

Июн ойида гўшт импорти аввалги ойларга нисбатан кўпроқ бўлди. Ой давомида 87,5 млн долларлик импорт қилинган бўлса, аввалги ойларда ўртача импорт 78,8 млн долларни ташкил қилган.

Гўшт қанчадан олиб келинмоқда?

Глобал нотинчлик, логистика шароитлари мураккаблашиши ва инфляция ҳисобига Ўзбекистон гўшт маҳсулотларини 2025-йилга нисбатан анча қимматроқ харид қилмоқда.

Ўтган йилнинг биринчи ярмида умумий ҳисобда 1 кг гўшт ўртача 2,76 доллардан олиб келинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 18,8 фоизга ошиб, 3,28 долларга етган.

Маҳсулот (доллар/кг)

2025

2026

Ўзгариш

Қорамол гўшти

4,04

4,99

+23,5%

Товуқ гўшти

1,17

1,20

+2,4%

Қўй гўшти

1,26

2,86

+126,8%

Гўшт субмаҳсулотлари

1,05

0,98

−6,3%

Консерва гўшт маҳсулотлари

3,41

4,05

+18,5%

Курка гўшти

1,56

2,70

+73,2%

Ўрдак гўшти

2,25

1,67

−25,5%

Колбаса маҳсулотлари

2,54

2,75

+8,2%

Чўчқа гўшти

3,29

2,96

−10,1%

От гўшти

3,20

3,46

+8,0%

Жами (ўртача)

2,76

3,28

+18,8%

Қўй гўшти импорт нархи энг кўп ошган гўшт маҳсулоти бўлди. Бир йил ичида унинг нархи 126,8 фоизга кўтарилди ва 1,26 доллардан 2,86 долларга етди.

Мол гўшти 2025-йилнинг дастлабки 6 ойида 1 кг учун 4,04 доллардан импорт қилинган бўлса, 2026-йилга келиб бу кўрсаткич 4,99 долларни ташкил қилди.

Нисбатан импорт нархи арзонроқ бўлган гўшт маҳсулотлари қаторида ўрдак гўшти (-25,5 фоиз), чўчқа гўшти (-10,1 фоиз) ва гўшт субмаҳсулотлари (-6,3 фоиз) бўлди.

Гўшт етиштириш суръати ҳам секинлашмоқда

Ўзбекистонда 2026-йилнинг биринчи чорагида 580,2 минг тонна гўшт етиштирилди. Бунда ўсиш кўрсаткичи 2,9 фоизни ташкил қилди. Йилнинг дастлабки чорагида гўшт ишлаб чиқаришда 3 фоиздан пастроқ ўсиш 2022-йилдан бери кузатилмаганди.

2

Натижада мамлакат гўштга бўлган талабни қондириш учун қимматроққа тушаётган импортга таянишга тўғри келмоқда.

Гўшт ишлаб чиқариш суръати секинлашиши чорва моллари учун ем нархи ошгани билан изоҳланади. Шу сабаб билан 2026-йилда айнан деҳқон ва томорқа хўжаликларида гўшт етиштириш камайган.

Бозорда нархлар қандай?

Марказий банк маълум қилишича, 2025-йил давомида мол гўшти 23,9 фоизга, суяксиз мол гўшти 25 фоизга, қўй гўшти 26,9 фоизга қимматлаган.

Бироқ, гўшт нархи бозорларда 200 минг сўмгача, супермаркетларда эса 259 минг сўмгача қимматлагани маълум бўлганди.

1-июн ҳолатига кўра, мол гўштининг йиллик нархи 19 фоизга, суяксиз мол гўшти 20,5 фоизга, қўй гўшти эса 22,8 фоизга қимматлаган.

Ички ишлаб чиқаришнинг секинлашуви ва глобал бозордаги нархлар босими Ўзбекистонни тобора қимматроқ импортга боғлаб қўймоқда. Бу эса яқин ойлар ичида гўшт нархларининг барқарорлашишини эмас, балки янада ошишини эҳтимолдан холи қилмайди.

Teglar

Mavzuga oid