add

Қозоғистонда депутат алкогол савдосини чеклаш таклифи билан чиқди

Bugun 09:172 daqiqa

Қозоғистонда депутат маст ҳолда содир этилаётган жиноятлар кўпайгани сабаб алкогол маҳсулотлари савдосини қатъий чеклашни таклиф қилди.

Қозоғистонда депутат алкогол савдосини чеклаш таклифи билан чиқди

Қозоғистон парламентида алкогол маҳсулотлари савдосини янада қатъий тартибга солиш масаласи кўтарилди. Магеррам Магеррамов мамлакат бўйлаб спиртли ичимликлар айланмасини чеклашга қаратилган қатор таклифлар билан бош вазирга депутатлик сўрови йўллади. Унинг таъкидлашича, бу ташаббус жамоат хавфсизлигига бевосита таҳдид солаётган ҳолатлар билан боғлиқ.

Депутат келтирган маълумотларга кўра, Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги статистикаси маст ҳолда содир этилаётган жиноятлар улуши ҳали ҳам юқорилигини кўрсатмоқда. Қотиллик ва безорилик ҳолатларининг қарийб ярми, ҳар тўртинчи талончилик ҳамда йўл-транспорт ҳодисалари, шунингдек, оилавий-маиший ҳуқуқбузарликларнинг катта қисми алкогол таъсири остида содир этилмоқда.

Магеррамов, айниқса, вояга етмаганлар иштирокидаги маст ҳолда жамоат тартибини бузиш ҳолатлари кўпайиб бораётганини алоҳида қайд этди. Унинг фикрича, бу ҳолат профилактик ва чекловчи чораларни кучайтиришни талаб қилади.

 

Депутат томонидан илгари сурилган асосий таклифлар:

  • Дўконларда алкогол маҳсулотларининг чакана савдосини соат 20:00 дан кейин, кафе ва ресторанларда эса соат 22:00 дан кейин тақиқлаш;

  • Болалар муассасалари атрофида 100 метр радиусда спиртли ичимликлар сотишга қўйилган тақиқни қайта жорий этиш;

  • Алкогол сотуви билан шуғулланувчи савдо нуқталари сонини чеклаш таклиф этилган.

Қўшимча равишда, алкогол маҳсулотларини мажбурий рақамли маркировкага эга товарлар рўйхатига киритиш, онлайн савдони тўлиқ тақиқлаш ҳамда ёшлар ўртасида алкоголизмнинг салбий оқибатларини олдини олишга қаратилган рақамли ва медиа профилактика дастурларини ишлаб чиқиш масаласи ҳам кўтарилди.

Ташаббус муаллифлари бу чоралар ижтимоий хавфларни камайтиришга хизмат қилишини таъкидламоқда.

Аввалроқ Ўзбекистонда алкогол маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси 35 фоиздан 18 фоизга, тамаки маҳсулотларида эса 19,6 фоиздан 9 фоизга камайгани ҳақида маълумот берган эдик. Шунингдек, алкогол ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси ташкил этилиб, соҳа бўйича 517 та мурожаат кўриб чиқилган ҳамда 97 та улгуржи савдо корхонаси рўйхатдан ўтказилган.

Teglar

Mavzuga oid