Қозоғистонда номаълум дрон портлади
Ғарбий Қозоғистон вилоятида номаълум дрон портлади. Ҳодиса аҳоли яшайдиган ҳудуддан ташқарида содир бўлгани, жабрланувчилар йўқлиги маълум қилинди.

Қозоғистон Мудофаа вазирлиги маълумот беришича, портлаш Ғарбий Қозоғистон вилоятининг Бурли туманида қайд этилган. Дроннинг қайси давлатга тегишли экани ҳозирча аниқланмаган. Аммо қурилманинг айрим қисмларида украин тилидаги ёзувлар топилгани сабабли, у Украинага мансуб бўлиши тахмин қилинмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, портлаш аҳоли яшайдиган ҳудуддан ташқарида рўй берган. Натижада ҳеч ким жабр кўрмаган ва моддий зарар қайд этилмаган. Ҳозирда ҳодиса юзасидан махсус хизматлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иштирокида текширув ишлари олиб борилмоқда.
Мудофаа вазирлиги таъкидлашича, мамлакат ҳаво ҳудуди устидан назорат кучайтирилган. Давлат чегарасини рухсатсиз кесиб ўтишнинг олдини олиш учун қўшимча чоралар кўрилган. Шунингдек, мазкур қурилмалар кимга тегишли бўлиши мумкинлиги бўйича хорижий ҳамкорлар билан маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда.
Текширувлар натижасида дрон катта қувватга эга бўлган жанговор зарядни олиб юргани аниқланган. Ҳозир ҳодиса жойида туман ҳокимлиги, фавқулодда вазиятлар департаменти ва полиция вакиллари фаолият юритмоқда.
Қозоғистон ҳудудида бундай ҳолатлар бир неча бор қайд этилган. Феврал ойида Бўкейорда туманида, мартда эса Жонибек туманида шунга ўхшаш дрон қолдиқлари топилган. Айримлари Россияда ишлаб чиқарилган «Shahed» турига ўхшаш деб баҳоланган.
Бу ҳолатлар мамлакат хаво хавфсизлиги масаласини яна бир бор кун тартибига чиқарди. Ҳукумат томонидан ҳаво ҳудудини муҳофаза қилиш чоралари кучайтирилиши кутилмоқда.




