Қурилишда ўсиш, саноатда пасайиш: Ўзбекистонда 2026 йилги бизнес муҳити қандай бўляпти?
Мамлакатда бизнес муҳити индекси 64 бандга етди ва бир йилда 23 фоизга ошди. Қурилиш ва хизматлар секторида ўсиш қайд этилган бўлса, саноатда бизнес шароитлари ёмонлашган.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мамлакат бўйлаб тадбиркорлар ўртасида мамлакатдаги бизнес муҳитини таҳлил қилиш мақсадида сўровнома ўтказди.
Натижаларга кўра, Ўзбекистоннинг йиғма бизнес-муҳит индекси −100 дан +100 гача бўлган шкала бўйича 64 бандни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2025 йил даражасига нисбатан 23 фоизга юқори.

Бизнес-муҳитидаги ўсиш асосан 2026 йилдаги ҳолат бўйича баҳоларнинг яхшиланиши ҳисобига содир бўлди — 28 фоизлик ўсиш. Қисқа муддатли истиқболлар бўйича ҳам тадбиркорларда оптимизм кучайган.
Сўровда қатнашган компанияларнинг 22 фоизи ишчилар сонини кўпайтирган. Келаси чоракда ходимлар сонини кўпайтиришни режа қилган компаниялар улуши 65 фоизгача кўтарилган (ўтган йили 58 фоиз эди).
Тармоқлар кесимида ўтган йилга нисбатан бизнес-муҳитнинг яхшиланиши қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасида кузатилди. Саноатда эса пасайиш қайд этилган.

Қишлоқ хўжалиги ва қурилиш
Қишлоқ хўжалиги соҳасида бизнес-муҳит индекси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 62 фоизга ошди. Кўрсаткич 2025 йил январдаги 48 банддан жорий йилда 77 бандга етди.
Шунга қарамай, сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигининг Ўзбекистон иқтисодиётидаги улуши қисқармоқда ва бу 2025 йилда ҳам давом этди.
2024 йилда иқтисодиётда қишлоқ хўжалиги улуши 24,1 фоиз бўлган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 17,1 фоизгача пасайди. Иқтисодиёт асосан хизматлар ва саноат ҳисобига шаклланмоқда.
Қурилиш соҳасида бизнес-муҳит ўтган йилга нисбатан 13 фоизга ўсиб, 54 банддан 61 бандга етди. Сўровда қатнашган қурилиш соҳаси вакилларининг 38 фоизи охирги уч ойда бизнес ҳолати яхшиланганини маълум қилган.
Ходимлар сони ошганини билдирган корхоналар улуши 22 фоиздан 38 фоизгача кўтарилди. Келгуси уч ойда талаб ўсишини тадбиркорларнинг 77 фоизи кутмоқда (ўтган йил январ ойида — 61 фоиз).
Хизматлар ва саноат
Хизматлар соҳасида бизнес-муҳит ўтган йилнинг январ ойига нисбатан 25 фоизга ўсиб, 52 банддан 65 бандга етди.
Бизнеснинг келгуси уч ой учун кутилмалари ижобий дея қайд этилган. Тадбиркорларнинг 70 фоизи хизматларига талаб ошишини кутмоқда (2025 йилда 58 фоиз).
Саноат соҳасида бизнес-муҳит ўтган йилга нисбатан 5 фоизга пасайди ва 54 банд бўлди. Аммо кутилмалар 10 фоизга ошиб, 78 бандга етган.

Бизнесдаги тўсиқлар
Сўров натижаларига кўра, тадбиркорлар орасида бизнес учун солиқ юки (11 фоиз), коммунал хизматлар (9 фоиз) ва кредит ресурсларидан фойдаланиш имконияти (8 фоиз) энг катта тўсиқ деб қайд этилмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистонда инфляцион кутилмалар пасайиб бораётгани ҳақида хабар берилганди.
Teglar






