Рамзан Қодиров сайловда иштирок этиш бўйича якуний шартини айтди
Чеченистон раҳбари яқин орада ҳокимиятдан «тўйганини» айтган бўлса-да, навбатдаги сайловларда иштирок этишга тайёрлигини билдирди. Бироқ Қодировнинг бу қарори фақат бир кишининг хоҳишига боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров бўлажак сайловларда ўз номзодини фақат Россия президенти Владимир Путиннинг розилиги бўлган тақдирдагина қўйишини маълум қилди. Бу ҳақда Nur.kz хабар бермоқда.
Рамзан Қодиров шахсий Telegram-каналида Чеченистон раҳбари сайловига тайёргарлик муҳокама қилинган кенгайтирилган йиғилиш ҳақида сўзлаб берди. Қодировнинг сўзларига кўра, йиғилиш давомида унга Чеченистон ҳукумати раиси Магомед Даудов мурожаат қилган.
«Йиғилиш давомида Магомед Даудов менга Чеченистон Республикаси биринчи президенти, Россия қаҳрамони Аҳмат-Ҳожи Қодиров жамоаси ва бутун чечен халқи номидан «Единая Россия» партиясидан Чеченистон Республикаси раҳбари сайловида иштирок этиш илтимоси билан мурожаат қилди.
Албатта, халқнинг, бутун жамоамизнинг бундай юксак ишончи мен учун қадрли, шунингдек, Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг қарори ҳам жуда муҳим. Мен Магомед Хожахмедовичга ва маслакдошларимга миннатдорлик билдирдим. Ўз номзодимни фақат миллий етакчимиз қўллаб-қувватлаган тақдирдагина қўйишга рози бўлишимни таъкидладим», - деб ёзди Қодиров.
Ҳокимятдан «тўйган» Қодиров
Ўтган йилнинг декабр ойида Қодиров ҳокимиятдан «тўйганини» тан олган эди. Шунга қарамай, сиёсатчи агар Россия президенти Владимир Путин «таклиф қилса ва халқ қўллаб-қувватласа», кейинги сайловларда барибир номзодини қўйишини қайд этган. Шу йилнинг январ ойида эса Қодиров соғлиғидаги муаммолар ҳақидаги миш-мишларни инкор этди — унинг сўзларига кўра, у мутлақо соғлом.





