Рақобат қўмитаси фуқаролар мурожаатлари юзасидан Чиқиндиларни бошқариш агентлигига сўров юборди

Kecha 12:552 daqiqa

Мурожаатларда асосан чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетилмаслиги, хизматлар сифати пастлиги, шартнома шартларига амал қилинмаслиги, шунингдек, хизмат кўрсатувчи корхоналар томонидан асоссиз қарздорлик ҳисобланиши ҳамда бунинг оқибатида фуқароларнинг электр энергияси тўловларига чекловлар қўйилгани юзасидан эътирозлар билдирилган.

Рақобат қўмитаси фуқаролар мурожаатлари юзасидан Чиқиндиларни бошқариш агентлигига сўров юборди

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси асоссиз қарздорлик ҳолатлари туфайли электр таъминотига киритилган вақтинчалик чекловларни қайта кўриб чиқиш масаласида Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигига расмий сўров йўллади. Қўмита бу қарорни фуқаролар мурожаатлари кескин ортгани билан изоҳлади.

Мурожаатлар сони ортган

Маълум қилинишича, 2025 йил давомида қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиш хизмати бўйича 1141 та мурожаат келиб тушган. 2026 йилнинг дастлабки ойларида эса ушбу кўрсаткич 850 тадан ошган. Мурожаатларда асосан чиқиндилар ўз вақтида олиб кетилмаслиги, хизмат сифати пастлиги, шартнома шартларига риоя этилмаслиги ҳамда асоссиз қарздорлик ҳисобланиши натижасида электр тўловларига чеклов қўйилгани юзасидан эътирозлар билдирилган.

Ўрганишлар айрим ҳудудларда чиқиндиларни олиб чиқишнинг белгиланган минимал даврийлигига амал қилинмаётганини кўрсатди. Асосий шикоятлар Наманган, Қашқадарё, Жиззах, Тошкент ва Фарғона вилоятларига тўғри келган.

Агентликдан нималар сўралди?

Қўмита сўровида чиқиндиларни ўз вақтида ва сифатли олиб кетишни таъминлаш, асоссиз қарздорликлар ҳисобланишининг олдини олиш ҳамда шундай ҳолатларда электр тўловларига қўйилган чекловларни қайта кўриб чиқиш чоралари талаб этилган.

Қонунчилик нима дейди?

Амалдаги қонунчиликка кўра, хизмат белгиланган муддат ва даврийликда кўрсатилиши шарт. Хизмат сифатсиз ёки умуман кўрсатилмаган тақдирда истеъмолчи тегишли давр учун тўловдан озод этилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 95-сон қарори ва «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун нормаларига мувофиқ, кўрсатилмаган хизмат учун ҳақ олиш тақиқланади. Шунингдек, 648-сон қарорга биноан, қарздорлик ҳисобини юритиш ва уни бартараф этиш агентлик ваколатига киради.

Қўмита фуқароларни хизмат сифати билан боғлиқ ҳолатларда мурожаат қилишга чақирди ва масала устидан назорат давом эттирилишини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 5 феврал ҳолатига республика бўйича чиқинди хизмати учун тўланмаган қарздорлик 108,9 млрд сўмни ташкил этганлиги ҳақида хабар берилган эди. Шу муносабат билан 1 174 686 нафар абонент «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг «2100» қисқа рақамидан СМС-хабарнома орқали огоҳлантирилган. Чиқинди хизматидан қарздор 199 мингта абонентнинг электр тўловига чеклов ўрнатилган.

Шунингдек, таҳририятимизга республиканинг турли ҳудудларидан чиқинди олиб кетиш хизматидаги узоқ муддатли узилишлар ҳақида мурожаатлар келиши сўнгги ҳафталарда сезиларли кўпайган эди. Vaqt.uz мухбири шу каби мурожаатлар кўпайгани юзасидан Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги Ахборот хизмати раҳбари Дилноза Комилова билан боғланган.

Teglar

Mavzuga oid