add

Рақобат қўмитаси «Korzinka» бўйича мурожаатларни ўрганди

30.01.2026 | 18:202 daqiqa

Ижтимоий тармоқлар орқали келиб тушган шикоятлар асосида «Korzinka» савдо тармоғининг фаолияти текширилди.

Рақобат қўмитаси «Korzinka» бўйича мурожаатларни ўрганди© Фото: Yandex Maps

Рақобат қўмитаси ижтимоий тармоқлар орқали келиб тушган мурожаатлар асосида «Korzinka» савдо дўконлар тармоғи фаолиятини ўрганиб чиқди. Текширувлар «Anglesey Food» МЧЖ томонидан кўрсатилаётган хизматлар, жумладан озиқ-овқат ва сабзавот маҳсулотлари сифати, харид жараёни, кешбеклар, савдо расталаридаги ва кассадаги нархлар ўртасидаги фарқлар ҳамда буюртма хизматлари билан боғлиқ масалаларни қамраб олди.

Мурожаатларда «Korzinka» шохобчаларида айрим акциялар доирасида нархлар бўйича етарли маълумот берилмаётгани, касса олдида тушунмовчиликлар юзага келаётгани қайд этилган. Жумладан, Янгиҳаёт туманида жойлашган филиалда «Чортоқ» суви бўйича чегирмалар тўғрисида истеъмолчига ўз вақтида аниқ ахборот тақдим этилмагани аниқланган. Бу ҳолат касса олдида муаммо келтириб чиқарган.

Аниқланган камчиликлар

Шунингдек, айрим ҳолатларда ходимларнинг қўпол муомаласи, маҳсулотларни аниқ вазнлаб бермаслик ва харидорга хизмат кўрсатишдан бош тортиш ҳолатлари қайд этилган. Савдо қоидаларини бузган салат бўлими ходимига нисбатан интизомий чора қўлланилиб, барча сотувчи ходимлар билан профилактик суҳбатлар ўтказилган.

Асакa туманидаги «Korzinka» савдо марказида эса харид вақтида маҳсулотлар учун икки баробар маблағ ечиб олингани бўйича мурожаат ўрганилди. Текширув натижасида бу ҳолат техник хатолик оқибати экани аниқланиб, ортиқча ечиб олинган маблағ истеъмолчига тўлиқ қайтарилди. Ходимга огоҳлантириш берилди.

Кўрилган чоралар

Бошқа ҳолатларда ҳам касса орқали икки марта тўлов амалга оширилиши, харид қилинмаган маҳсулотлар учун пул ечиб олиниши каби хатолар тасдиқланган. Барча ҳолатларда харидорлардан узр сўралган ва ортиқча олинган маблағлар қайтарилиши таъминланган. Қўмита томонидан кассир ва савдо ходимларига мижозлар билан ишлаш бўйича қўшимча тушунтиришлар берилган.

Маълумот учун, Рақобат қўмитаси томонидан 2025 йил давомида ижтимоий тармоқлар орқали 1,5 мингга яқин турли йўналишлардаги мурожаатлар қабул қилиниб, улар бўйича ижобий ҳал этиш чоралари кўрилган.

Teglar

Mavzuga oid