Logo

Саида Мирзиёева судьяларга табрик йўллади

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 25-июл — Халқаро судьялар ва суд тизими ходимлари фаровонлиги куни муносабати билан судьяларни табриклаб, уларнинг фаровонлиги адолатли судловнинг муҳим шарти эканини таъкидлади.

Саида Мирзиёева судьяларга табрик йўллади © Saida Mirziyoyeva Telegram kanali

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 25-июл — Халқаро судьялар ва суд тизими ходимлари фаровонлиги куни муносабати билан байрам табриги йўллади.

2025 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 25-июл санасини Халқаро судьялар ва суд тизими ходимлари фаровонлиги куни деб эълон қилган. Шу муносабат билан Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева судьялар ва суд тизими ходимларига байрам табриги йўллади.

Мирзиёеванинг таъкидлашича, суд тизими ходимлари ҳар куни инсонлар дарди, фожиавий тақдирлар ва мураккаб ҳаётий вазиятларга дуч келади. Судьялар эса инсон тақдирини ҳал қилувчи қарорлар қабул қилиб, юксак маънавий масъулиятни ўз зиммасига олади.

«Суд қарорларининг адолатли бўлиши одил судловга хизмат қилаётганларнинг жисмоний, руҳий ва эмоционал ҳолатига бевосита боғлиқдир. Шу боис, адолатли, мустақил ва самарали одил судловнинг зарур шартларидан бири судьялар ва суд тизими ходимлари ҳақида ғамхўрлик қилишдир», — деди Мирзиёева.

Шунингдек, у Янги Ўзбекистонда инсон қадри ва қонун устуворлиги олий қадрият ҳисобланган суд тизимини изчил барпо этиш ишлари давом этаётганини таъкидлади.

«Барча судьялар ва суд тизими ходимларига мустаҳкам соғлиқ, ирода ва қатъият, адолат принципларига доимо содиқлик ва оқилона қарорлар ҳамроҳ бўлишини тилайман», — деди Президент администрацияси раҳбари.

Teglar

Mavzuga oid