Самарасиз давлат банклари қайта тузилиши ёки тугатилиши керак – ХВЖнинг Ўзбекистонга тавсияси
Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистонда давлат банкларини ислоҳ қилиш ва хусусийлаштиришни тезлаштириш зарурлигини таъкидлаб, самарасиз молиявий институтлар бўйича кескин чоралар кўришни тавсия қилди.
© sozcuХалқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Ўзбекистондаги давлат иштирокидаги тижорат банкларини ислоҳ қилиш ва хусусийлаштиришни тезлаштиришни тавсия қилди. Бу ҳақда ХВЖнинг 2026-йилги IV модда доирасидаги маслаҳатлашувларни якунлари бўйича ҳисоботини эълон қилди.
«Давлатга тегишли тижорат банкларини ислоҳ қилиш ва хусусийлаштиришни жадаллаштириш молиявий барқарорликни таъминлаш ва ресурслар тақсимоти самарадорлигини ошириш учун муҳим аҳамиятга эга. Хусусийлаштириш халқаро энг яхши амалиётларга мувофиқ амалга оширилиши керак, бунда тайёргарлик босқичида активлар сифати бўйича аниқ ҳисобот юритиш, корпоратив бошқарув ва риск-менежмент тизимларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиши лозим», – дейилади ХВЖ ҳисоботида.
«Ҳаётга лаёқатсиз банклар эса қайта тузилиши ёки тугатилиши лозим»
Жамғарманинг қайд этишича, очиқ ва шаффоф жараёнлар ҳамда рақобатли тендерлар малакали стратегик инвесторларни жалб қилиш учун зарур. Аниқ KPI’лар, самарадорликни кучли мониторинг қилиш, шунингдек, тижорат ва нотижорат кредитлашни тўлиқ ҳисоб ва рискка асосланган тарзда ажратиш ҳисобдорликни оширади. Барча давлат банклари учун (хусусийлаштириш ҳолатидан қатъи назар) активлар сифати текширувларини кенгайтириш ва муаммоли кредитларни халқаро стандартлар асосида баҳолаш бўйича қарор қўллаб-қувватланади.
«Давлат банкларининг узоқ муддатли самарасизлиги тезкор чораларни талаб қилади, жумладан зарур ҳолларда бошқарувни алмаштириш. Ҳаётга лаёқатсиз банклар эса қайта тузилиши ёки тугатилиши лозим. Айрим йирик давлат банкларини сиёсий банк сифатида сақлаб қолиш режалари молиявий барқарорликка хавф солиши ва бюджет харажатларини ошириши мумкин, шу боис бу ёндашувни қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ», – дейилади ҳисоботда.
Ҳисоботда давлат банкларини хусусийлаштиришни тезлаштиришдан ташқари, қуйидаги асосий устувор вазифалар ҳам келтирилган:
мақсадли ва имтиёзли кредит дастурларини босқичма-босқич қисқартириш ва уларнинг шаффофлигини ошириш;
Марказий банкнинг мустақиллигини таъминлаш;
активларни аниқ таснифлаш;
банкларнинг барқарорлигини стресс-тест қилишни кучайтириш.
Молиявий инклюзия
«Молиявий инклюзия молиявий барқарорликка зарар етказмасдан ривожлантирилиши керак. Кредит ҳажмларини мажбурий белгилайдиган давлат дастурлари ресурсларни самарасиз тақсимланишига олиб келиши мумкин. Фоиз ставкаларига чеклов қўйишдан сақланиш лозим, чунки бу молияга кириш имкониятини чеклайди ва норасмий иқтисодиётни рағбатлантиради», – дейилади ҳисоботда.
Шунингдек, ХВЖ молиявий инклюзияни барқарор тарзда ривожлантириш учун банклар ўртасида рақобатни кучайтириш, кредит ахборотига киришни кенгайтириш, кредит баҳолаш тизимларини такомиллаштириш, тўлов тизимлари ва рақамли инфратузилмани модернизация қилиш, иқтисодий миқёс самарасини ошириш, молиявий саводхонлик ва истеъмолчиларни ҳимоя қилишни кучайтиришни тавсия қилган.





