Санкция остида қолган Қирғизистон ЕИни «ҳақиқий вазиятни қайта текшириш»га чақирди

24.10.2025 | 20:211 daqiqa

Қирғизистон Европа Иттифоқи санкцияларига афсус билдирди ва вазиятни ҳал этиш учун қўшма техник ишчи гуруҳ тузишни таклиф қилди.

Санкция остида қолган Қирғизистон ЕИни «ҳақиқий вазиятни қайта текшириш»га чақирди

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат юридик шахсларининг Европа Иттифоқи санкциялар рўйхатига киритилганидан афсусланишини билдирди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, Қирғизистон ўз халқаро мажбуриятларига қатъий амал қилади ва санкцияларни четлаб ўтишнинг олдини олиш мақсадида Европа Иттифоқидаги ҳамкорлар билан очиқ ҳамда конструктив мулоқот олиб бормоқда.

«Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатлари билан стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш, жумладан, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш ниятини изчил маълум қилиб келмоқда. Шу нуқтаи назардан, Қирғизистон томони ҳам Европа Иттифоқи ва унинг аъзолари билан тенг ҳуқуқли, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган ҳамкорликка тайёр. Бундай ёндашув бир томонлама санкциялар босимидан фарқли ўлароқ, кўпроқ ўзаро манфаатли мақсадларга эришиш имконини беради», - дейилади хабарда.

Қирғизистон томони Европа Иттифоқини ҳақиқий вазиятни текшириш ва чекловларга асос бўлган маълумотларнинг ишончлилигини тасдиқлаш учун мустақил, халқаро миқёсда тан олинган аудит ўтказишга таклиф қилди.

Бундан ташқари, Қирғизистон «Қирғизистон—Европа Иттифоқи» махсус қўшма техник ишчи гуруҳини тузишни таклиф қилмоқда. Таъкидланишича, ушбу гуруҳ мунтазам равишда маълумотлар алмашиш, транзакцияларни кузатиш ва хавфларни биргаликда баҳолаш билан шуғулланади.

Teglar

Mavzuga oid