add

Саноат ҳажми 1,1 квадриллион сўмга етди: қайси йўналишлар етакчи?

2025 йилда Ўзбекистон саноатида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш етакчи ўринни қайд этди.

Саноат ҳажми 1,1 квадриллион сўмга етди: қайси йўналишлар етакчи?

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда жами 1,1 квадриллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.

Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 6,8 фоизга ўсган бўлиб, саноат тармоғи мамлакат иқтисодий ўсишининг муҳим драйверларидан бири бўлиб қолаётганини кўрсатади. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган саноат маҳсулотлари ҳажми республика бўйича 29,1 миллион сўмни ташкил этди.

2026 йил 1 январ ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 59,8 мингта саноат корхонаси фаолият юритмоқда. Ушбу корхоналар иқтисодиётнинг турли соҳаларида ишлаб чиқаришни йўлга қўйган бўлиб, бу тармоқда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши ҳам сезиларли даражада ортган.

Етакчи йўналишлар

Иқтисодий фаолият турлари кесимида энг кўп саноат корхоналари озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасига тўғри келади. Ушбу йўналишда 11,9 мингта корхона фаолият олиб бормоқда. Кейинги ўринларда бошқа нометалл минерал маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳаси бўлиб, бу йўналишда 8,3 мингта корхона қайд этилган. Кийим-кечак ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхоналар сони эса 6 мингтани ташкил этади.

Қайта ишлаш тармоқлари

Тайёр металл буюмлар ишлаб чиқариш соҳасида 4,8 мингта, мебел ишлаб чиқаришда 4,1 мингта корхона фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишида 3,7 мингта, резина ва пластмасса буюмлари ишлаб чиқариш соҳасида эса 2,8 мингта саноат корхонаси мавжуд.

Умуман олганда, 2025 йил натижалари саноат соҳасида барқарор ўсиш сақланаётганини ва иқтисодиёт таркибида қайта ишлаш ҳамда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улуши ортиб бораётганини кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг 2025 йилги иқтисодиёти ўсиши 7,7 фоизни ташкил қилгани ҳақида хабар бергандик.

Teglar

Mavzuga oid