Саноат зоналаридаги 213 гектар ерда лойиҳалар бошланмаган
Хорижий инвестиция иштирокидаги айрим корхоналар фақат импорт билан чекланиб қолмоқда.
© Президент матбуот хизматиСўнгги олти ойда 908 та тадбиркор 3 миллиард 600 миллион долларлик шартнома тузиб, ҳамкорларда вазият ўзгаргани учун ҳали экспортни бошлай олмагани қайд этилди. Айрим ҳокимлар уларга ёрдам бериш ўрнига вазиятни ўз ҳолига ташлаб қўйгани танқид қилинди. Бу ҳақда бугун, 24-апрел куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган биринчи чорак кўрсаткичларини тармоқ ва ҳудудлар кесимида танқидий таҳлил қилиш ва йилнинг қолган даврида қилинадиган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Оқибатда биринчи чоракда экспорт Норин, Касби, Шеробод, Ёзёвон ва Деновда 2 каррадан зиёд камайган. Шаҳрисабз, Учқудуқ, Паркент, Тошкент туманлари, Жиззах, Навоий, Наманган, Ангрен, Бекобод ва Нурафшон шаҳарларида эса 70 фоизга ҳам етмаган. Ушбу туман ҳокимлари биринчи ярим йилликда ўсишни таъминламаса, хулоса қаттиқ бўлиши қайд этилди.
Умуман, ҳозирги шароитда экспортчиларни янги бозор топиш, айланма маблағ, сертификат, логистика каби масалаларини комплекс ҳал қилиш бўйича ягона ёндашув бўлиши кераклиги таъкидланди. Бу борада натижага йўналтирилган яхлит тизим қилиш юзасидан таклиф киритиш топширилди.
213 гектарда лойиҳа бошланмаган
Қайд этилишича, қайси ҳоким «Инвесторим, лойиҳам бор, саноат зонаси учун ер керак» деса, инфратузилмаси билан ҳал қилиб берилмоқда. Лекин бюджет ҳисобидан йўл, электр, сув олиб борилган 226 та саноат зонасидаги 213 гектарда лойиҳа бошланмагани танқид қилинди.
Шу билан бирга, 27 та саноат зонасида лойиҳалар жойлаштирилгани билан инфратузилма бормаган. Ҳокимларга аукционда ер сотувидан тушган пулдан тадбиркорлик инфратузилмасига сарфлашга рухсат берилган. Мутасаддиларга ушбу маблағлар ҳисобидан биринчи навбатда коммуникация олиб бориладиган саноат зоналари рўйхатини шакллантириш ва ишни бошлаш топширилди.
Вилоят ҳокимларининг инвестиция бўйича ўринбосарлари олдига инфратузилма борган саноат зоналаридаги бўш ерларга жойлашадиган лойиҳалар портфелини шакллантириш вазифаси қўйилди.
Ҳамма раҳбарлар учун инвестиция сифати асосий мезон бўлиши шарт – президент
«Такрор айтаман, ҳар бир янги лойиҳа, ҳар бир доллар сармоя фақат ва фақат қўшилган қиймат, юқори даромадли иш ўрни ва экспортни кўпайтиришга хизмат қилиши керак. Оддий қилиб айтганда, ҳамма раҳбарлар учун инвестиция сифати асосий мезон бўлиши шарт», – деди Президент.
Инвестиция лойиҳаларини ишга туширилганидан кейин мониторинг қилиш платформаси яратилган. Солиқ, божхона, бандлик, кадастр, коммунал идоралар ахборот базасига интеграция қилинган ушбу платформа корхоналар фаолиятини 39 та кўрсаткич бўйича таҳлил қилиб бермоқда. Масалан, охирги уч йилда ишга тушган 688 та корхонадан 210 таси қувватидан тўлиқ фойдаланмаётгани аниқланган. Оқибатда 33 триллион сўмлик ишлаб чиқариш бой берилган, 23 минг иш ўрни бўш турибди.
Бу ҳокимларнинг инвестиция бўйича ўринбосарлари фаолиятига берилган ҳақиқий баҳо экани кўрсатиб ўтилди. Мутасаддиларга 210 та корхона кесимида «йўл харитаси»ни тузиб, муаммолар ечими бўйича аниқ муддат ва масъулларни белгилаш топширилди.
Ҳокимларнинг инвестиция бўйича ўринбосарлари ушбу корхоналарга бориб, улар билан яқиндан ишлайди, қайси корхонада нима иш қилганини платформага киритади. Биринчи ярим йиллик якуни билан мазкур корхоналарни «оёққа турғазмаса», лавозимига лойиқлиги кўриб чиқилиши ҳақида огоҳлантирилди.
Жорий йилда 53 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш мақсад қилинган.
«Қачонки раҳбарлар биринчи қадамдан бошлаб, тўғри лойиҳа танласа ва шунга мос салоҳиятли инвестор топса, шунда инвестицияда сифат бўлади», – деди президент.
Сунъий интеллектдан фойдаланиш
Иқтисодиётга катта самара берадиган лойиҳа, технологик ечим бўйича энг тўғри вариантларни танлашда, лойиҳани қайси ҳудудда жойлаштириш, қайси инвестор билан ишлаш афзаллигини аниқлашда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш муҳим. Мутасаддиларга сунъий интеллект ёрдамида мавжуд қувватлар, ички ва ташқи бозордаги талабни ўрганиб, қаерда, қандай лойиҳа қилиш бўйича ечим берадиган платформани ишга тушириш топширилди.
Инвестор ва консалтинг компанияларига ушбу платформадан «ягона дарча» тамойили асосида фойдаланиш учун шароит яратилади.
Ишлаб чиқариши бор 526 та корхона бирор марта ҳам экспорт қилмаган
Ўзбекистонда хорижий инвестиция иштирокида 18 мингдан ортиқ корхона фаолият юритяпти. Лекин ишлаб чиқариши бор 526 та корхона бирор марта ҳам экспорт қилмаган. Шу билан бирга, яна 767 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхона фақат четдан товар олиб келиб, сотиш билан шуғулланяпти.
«Нега буни айтяпман? Буларнинг маблағи, тадбиркорлик кўникмаси, ички ва ташқи бозорда ҳамкори, кўпчилигида бренди бор», – деди президент.
Ушбу корхоналар билан гаплашиб, четдан ўз маҳсулотини олиб келиб сотаётганларига шу ернинг ўзида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши учун лойиҳалар таклиф қилиш, уларни маҳаллий тадбиркорлар билан боғлаб, эҳтиёт ва бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш бўйича кооперацияни йўлга қўйиш, маҳсулотини ички бозорда сотаётганларига экспортга чиқиш учун нима ёрдам кераклигини ўрганиш муҳим экани таъкидланди. Мутасаддиларга бу борада алоҳида дастур ишлаб чиқиш топширилди.





