Ўзбекистонликлар камроқ автокредит олмоқда

Bugun 17:152 daqiqa

Йил бошидан бери аҳоли олган кредитлар ўсган бўлсада, автокредитлар камайди. Бизнес учун кредитлар аҳолиникидан ҳам тезроқ ўсмоқда.

Ўзбекистонликлар камроқ автокредит олмоқда

Марказий банк 2026-йил 1-апрель ҳолатига кўра, жисмоний ва юридик шахсларга ажратилган кредитлар қолдиғи тўғрисида маълумот берди

Унга кўра, йил бошидан бери аҳолига берилган кредитлар қолдиғи 3,1 фоизга кўпайиб, 227,1 трлн сўмга етган. Бунда автокредитлардан бошқа барча кредитларда ўсиш кузатилган. 

Банклардаги аҳолининг автокредитлари қолдиғи 1 январга нисбатан 0,4 фоизга пасайиб, 39,56 трлн сўмгача тушган. Бошқа кредитларда ҳолат қуйидагича: 

Ипотека кредитлари — 82,1 трлн сўм (+3,4 фоиз

Микроқарзлар — 49,6 трлн сўм (+1,5 фоиз)

Микрокредитлар — 43,2 трлн сўм(+6,8 фоиз)

Таълим кредитлари — 6,9 трлн сўм (+0,1 фоиз)

Истеъмол кредитлари, 503 мрлд сўм (+2,4 фоиз)

Бошқа кредитлар (кредит карта ва овердрафтлар) — 5,1 трлн сўм (+15,4 фоиз)

Бизнесни кредитлаш аҳолидан тезроқ ўсмоқда

I чоракда юридик шахслар учун ажратилган кредитлар қолдиғи 3,3 фоизга ўсиб, 396,2 трлн сўмга етди. 

Бунда микрокредитлар ва синдисиялаштирилган (банклар биргаликда берадиган) кредитлар миқдори мос равишда 8,8 фоиз ва 5,6 фоизга пасайди. 

Тадбиркорлар учун микрокредитлар қолдиғи ўтган ойнинг ўзидаёқ қарийб 2 трлн сўмга камайиб кетди. Бизнес вакиллари бошқа турдаги кредитлари ўсишда давом этмоқда. 

Автокредитлар нега камаймоқда? 

Банкларда автокредит ажратиш 2023-йилдан кейин камайишни бошлади. Бунга Марказий банк томонидан киритилган чекловлар сабаб бўлди. 

Регулятор рискларни олдини олиш мақсадида банкларнинг кредит портфелига автокредитлар учун 25 фоизлик чеклов жорий қилганди. 

Натижада автокредит ажратиш пасайишни бошлади ва бу иккиламчи бозордаги автомобил нархларига ҳам таъсир қилди — 17-18 минг доллар сотилган Cobalt нархлари бозорда 10-11 минг долларгача тушиб кетди. 

2023 йилда аҳоли учун энг оммабоп кредит автокредит бўлган бўлса, 2025 йилга келиб уларнинг ўрнини микроқарзлар эгаллади. 

Бироқ, яқин йилларда микроқарзлар учун банкларнинг кредит портфелига 25 фоизлик чеклов жорий қилиниши кутиляпти. 

Шу сабабли янги тартибга банклар аллақачон мослашишни бошлаб юборган. Бу бир томондан микроқарзлар фоизини пасайтираётган бўлса, бошқа томондан уларни олиш имкониятини қийинлаштирмоқда. 

Teglar

Mavzuga oid