
Саудия Каъбага ўхшатиб қурилаётгани айтилган «Мукааб»ни тўхтатишга мажбур бўлди
2023 йилда бутун дунёни ҳайратга солган «Мукааб» ва «The Line» лойиҳалари 2026 йилга келиб Саудия Арабистони Суверен жамғармаси учун ортиқча юкка айланди. Ичига 20 та Empire State Building сиғиши ваъда қилинган улкан куб ва 170 километрли футуристик шаҳар қурилиши нега дастлабки босқичлардаёқ тўхтаб қолди?

Дунёга ўта бой Саудия шайхлари томонидан ваъда қилинган яна бир маҳобатли лойиҳа, афтидан, амалга ошмайдиган кўринади. Ар-Риёдда пойтахтнинг янги ишбилармонлик маркази жавоҳирига айланиши кутилган улкан «Мукааб» осмонўпар биносини қуриш режалаштирилган эди. Бироқ Саудия Арабистони Суверен жамғармаси ҳисоб-китобларидан сўнг, келажакдаги фойда чамаланиб, ҳозир бундай дабдабаларнинг вақти эмас, деган қарорга келинди.
«Мукааб» — Ар-Риёднинг улкан «Куб»и
2023 йилда валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон майдони қарийб 20 квадрат километр бўлган «Янги Мурабба» — Ар-Риёд ишбилармонлик маркази қурилишини эълон қилган эди. Унинг камида тўртдан бир қисмини яшил ҳудудлар эгаллаши, марказда эса мисли кўрилмаган бино — арабчада «куб» маъносини англатувчи «Мукааб» қад кўтариши керак эди.
Бинонинг баландлиги ва кенглиги 400 метрдан бўлиши мўлжалланган бўлиб, бу уни Саудия Арабистонидаги энг баланд ва дунёдаги энг сиғимли иншоотга айлантирарди: реклама роликларида айтилганидек, унинг ичига 20 та Empire State Building биноси сиғади. У ерда томошабинлар бевосита иштирок эта оладиган кўнгилочар масканлар, технологиялар ва рақамли шоулар маркази жойлашиши лозим эди. Улкан гумбазга сунъий интеллект бошқарувидаги голографик тасвирларни тушириш ҳам режалаштирилган эди.
Лойиҳанинг кўлами ва кутилган натижалар
Бу лойиҳани 300 метр баландликдаги террасалардан туриб томоша қилиш мумкин бўларди. Ички минора бўйлаб минглаб сайёҳлик масканлари ва дўконлар ўрин олиши керак эди. Мажмуада жами 100 мингдан ортиқ турар жой, 9 мингта меҳмонхона хоналари, қарийб 1,5 миллион квадрат метр офис майдони, шунингдек, технология ва дизайн университети барпо этилиши кўзда тутилганди. Бу улкан лойиҳани 2030 йилда тўлиқ фойдаланишга топширишмоқчи эди. Энди барча ишлар пойдевор қазиш босқичидаёқ тўхтатиб қўйилди.
Иқтисодий реаллик ва нефт нархининг таъсири
2023 йилда амалга оширса бўладиган мўъжизадек кўринган лойиҳа 2026 йил бошига келиб асоссиз дабдаба сифатида қабул қилинмоқда. Суверен жамғарма харажатларни оптималлаштиришга ва диққатга сазовор жойлар қурилишини кечиктиришга қарор қилди. Нефт нархи бундай инжиқликлар учун сарф-харажат қилишга имкон берадиган даражада юқори эмас.
Амалга ошмаётган орзулар
Харажатларни қисқартиришнинг биринчи «қурбони» бутун дунёга шов-шув қилинган NEOM — Саудия Арабистонининг футуристик мегалойиҳаси бўлди. У чўл қўйнидаги узунлиги 170 километр, баландлиги 500 метр ва кенглиги 200 метр бўлган, тўлиқ қайта тикланувчи энергия билан ишлайдиган ягона улкан бино шаклидаги чизиқли шаҳар эди.
Шаҳар 9 миллион аҳолига мўлжалланган бўлиб, илк кўчиб келувчилар 2025 йилдаёқ жойлашиши керак эди. Бироқ лойиҳа хом бўлиб чиқди, кўплаб тузатиш ва ўзгаришларни талаб қилди; қурилиш бошиданоқ ваъда қилинган суръатда кетмади, ҳозир эса деярли тўхтаб қолган. Улкан котлованлар ва минглаб қоқилган устунлар шаҳзоданинг амалга ошмаган орзусини эслатиб турибди.
Дин пешволари томонидан мусулмонларнинг Макка шаҳридаги муқаддас қиблагоҳи — Каъбани эслатгани боис ҳурматсизлик сифатида баҳоланиб, кескин танқид қилинган «Мукааб» лойиҳаси ҳам орзулигича қолди.





