Савдога энг кўп ва энг кам боғлиқ бўлган мамлакатлар қайси?
Айрим мамлакатлар халқаро савдога жуда боғлиқ. Улар ўзларида ишлаб чиқариш қийин бўлган маҳсулотларни бошқа давлатлардан сотиб олади ёки иқтисодиётининг муҳим тармоқлари учун зарур бўлган товар ва хизматларни хорижга сотади. Баъзи мамлакатларда экспорт ва импортнинг умумий қиймати йиллик ялпи ички маҳсулот ҳажмидан бир неча баравар юқори.
© Straits TimesЖаҳон банки халқаро савдога энг кўп ва энг кам боғлиқ бўлган 20 та мамлакат рейтинги савдо ҳажми мамлакат экспорти ва импортининг умумий қийматини ЯИМга нисбати орқали ҳисоблади.
АҚШ ва Хитой ҳам ҳар йили триллионлаб долларлик савдо қилади. Бироқ уларда савдо ҳажмининг ЯИМга нисбати анча паст. Бунинг асосий сабабларидан бири — ушбу давлатларнинг ички бозори жуда катталиги ва кўплаб маҳсулотлар мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилиб, ички бозорда сотилишидир.
Маълумотларнинг аксарияти 2025-йилга тегишли. Айрим мамлакатлар учун эса 2022–2024-йиллардаги кўрсаткичлардан фойдаланилган. Гонконг каби алоҳида ҳудудлар рейтингга киритилмаган.
Нима учун кичик мамлакатлар ташқи савдога кўпроқ боғлиқ?
Савдога энг кўп боғлиқ бўлган 20 та мамлакатнинг 16 тасида аҳоли сони 10 миллиондан кам. Уларнинг ярмида эса аҳоли сони 2 миллионга ҳам етмайди.
Бундай кичик иқтисодиётлар аҳоли ва корхоналар эҳтиёжини қондириш учун зарур бўлган барча маҳсулотларни ўз ҳудудида ишлаб чиқара олмайди. Шунинг учун улар кўплаб товарларни импорт қилишга ва ўзларида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни экспорт қилишга мажбур.
Бундан ташқари, айрим кичик мамлакатлар йирик қўшни давлатлар учун молиявий марказ, денгиз порти ёки транзит йўлаги вазифасини бажаради. Бу ҳам уларнинг ташқи савдо ҳажмини оширади.
Умумий рейтингда 58 та мамлакатнинг экспорт ва импорт ҳажми ЯИМдан юқори. Мамлакатлар бўйича ўртача кўрсаткич эса ЯИМнинг тахминан 80 фоизини ташкил этади.
Савдога энг кўп боғлиқ бўлган 20 та мамлакатнинг 11 таси Европада жойлашган. Улар орасида Сан-Марино каби кичик давлатлар билан бир қаторда Белгия ва Нидерландия ҳам бор. Бу икки мамлакатда Европанинг энг йирик ва серқатнов денгиз портларидан иккитаси жойлашган.
Люксембург, Сингапур ва Жибути мисоли
Мамлакатларнинг ташқи савдога юқори даражада боғлиқлиги турли сабаблар билан изоҳланади.
Масалан, Люксембург экспортининг катта қисми хизматлар, айниқса, молиявий хизматлар ҳисобига тўғри келади. Мамлакатда инвестиция фондлари соҳаси яхши ривожланган.
Сингапурда эса 2025-йилда товар экспортининг тахминан 62 фоизи реэкспорт ҳисобига тўғри келган. Яъни мамлакат аввал бошқа давлатлардан товарларни импорт қилади, кейин уларни қайтадан бошқа бозорларга сотади.
Жибути ҳам ташқи савдога юқори даражада боғлиқ мамлакатлардан бири. Унда экспорт ва импортнинг умумий ҳажми ЯИМнинг 206 фоизига тенг. Қўшни Эфиопияда эса бу кўрсаткич атиги 33 фоизни ташкил этади.
Бунинг муҳим сабаби шундаки, денгизга чиқиш имконияти бўлмаган Эфиопия 2024-йилнинг бошида денгиз орқали амалга ошириладиган ташқи савдосининг 95 фоиздан ортиғини Жибути портлари орқали ўтказган. Шу боис портлар ва логистика Жибути иқтисодиёти учун жуда муҳим аҳамиятга эга.
АҚШ ва Хитой нега рейтингнинг қуйи қисмидан жой олган?
Рейтингдаги энг қизиқарли ҳолатлардан бири — АҚШнинг ўрни.
Дунёдаги энг йирик иқтисодиёт бўлишига қарамай, АҚШда экспорт ва импортнинг ЯИМга нисбати 2024-йилда атиги 25 фоизни ташкил этган. Бу кўрсаткич бўйича мамлакат 170 та давлат орасида тўртинчи энг паст натижани қайд этган.

Ундан паст кўрсаткич фақат Судан (2,4 фоиз), Гаити (16 фоиз) ва Венесуэлада (25 фоиз) кузатилган.
Бироқ бу мамлакатларда савдонинг пастлиги иқтисодий муаммолар билан боғлиқ. Суданда фуқаролар уруши, Гаитидa қуролли тўдалар зўравонлиги, Венесуэлада эса санкциялар ва нефт қазиб олиш ҳажмининг кескин камайиши иқтисодиётга жиддий таъсир кўрсатган.
Дунёда товарлар экспорти бўйича етакчи бўлган Хитой ҳам рейтингнинг қуйи қисмидан жой олган. Мамлакат 2025-йилда 38 фоизлик кўрсаткич билан савдога энг кам боғлиқ давлатлар рўйхатида пастдан 19-ўринни эгаллаган.
Шу билан бирга, савдонинг ЯИМга нисбати паст бўлиши мамлакатнинг ташқи савдо ҳажми ҳам кичик дегани эмас.
Масалан, АҚШнинг 2024-йилдаги экспорт ва импорти умумий қиймати тахминан 7,3 триллион долларни ташкил этган. Хитойда эса 2025-йилда бу кўрсаткич 7,4 триллион долларга етган. Бу Люксембургнинг умумий ташқи савдо ҳажмидан қарийб 20 баравар кўп.
Бундай фарқнинг асосий сабаби — йирик мамлакатларда ички бозорнинг катталиги. Яъни маҳсулотларнинг катта қисми мамлакат ичида ишлаб чиқарилади ва шу ернинг ўзида сотилади. Натижада уларнинг барчаси халқаро савдо статистикасида акс этмайди.
Йирик иқтисодиётлар орасида Ветнам алоҳида ажралиб туради
Дунёдаги энг йирик 10 та иқтисодиётнинг бирортасида ҳам экспорт ва импортнинг умумий ҳажми ЯИМнинг 80 фоизидан ошмайди. Бу рейтингдаги мамлакатлар учун ўртача кўрсаткич ҳисобланади.
Улар орасида Германия энг юқори натижани қайд этган — 79 фоиз. Японияда бу кўрсаткич 45 фоиз, Ҳиндистонда эса 46 фоизга тенг.
Бироқ йирик иқтисодиётлар орасида Ветнам алоҳида ажралиб туради. Аҳолиси 100 миллиондан ортиқ бўлган мамлакат ташқи савдо ҳажмининг ЯИМга нисбати бўйича дунёда саккизинчи ўринни эгаллаган. Унда бу кўрсаткич 190 фоизга тенг.
Бу натижа Ветнамни аҳолиси 50 миллиондан ортиқ бўлган мамлакатлар орасида ҳам ажратиб туради. Масалан, ундан кейинги ўринда турган Таиландда ташқи савдо ҳажмининг ЯИМга нисбати 138 фоизни ташкил этган.





